Gerb Bayroq Madhiya Davlat mukofotlari Bosh sahifa Mobil versiya Sayt xaritasi Forum
Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!   Click to listen highlighted text! Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!
Матнни тинглаш!
  • xorazm.uz

    Юртбошимизнинг табири билан айтганда, Хоразм «Ўзбек давлатчилигининг илк тамал тоши қўйилган мукаддас замин!». Инсоният тамаддуни ўчоқларидан хисобланмиш бу кўхна юртдан не-не буюк алломалар, қомусчи олимлар, аҳли донишлар, авлиё-анбиёлар етишиб чиққан.

  • xorazm.uz

    Истиқлол туфайли юртимиздаги қадим шаҳарлар ва қалъалар, маданият ўчоқларини кўриш, зиёрат қилиш учун етти иқлимдан келаётган сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. Жаҳон бизнинг мўтабар юртимизни кўришга орзуманд!

  • xorazm.uz

    2017-2018 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури амалиётга аллақачон татбиқ қилинаётган улкан қурилишу таъмирлаш, энг замонавий асбоб-ускуналар келтириш, керакли мутахассисларни ўқитиш, ўргатиш жараёни жадал йўлга қўйилди.

  • xorazm.uz

    Халқимиз дастурхонининг файзиёблиги, бозорларимизнинг тўкинлигию озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблиги, арзонлиги, бир сўз билан айтганда юртимиз фаровонлиги бободеҳқонларимизнинг меҳнати маҳсулидир. Хоразм вохаси қишлоқ хўжалиги сохасида хам етакчилардан ҳисобланади.

Фотоалъбом

» Барча фотоалъбомлар

Видеотека

» Барча видео файллар

Тарих

Хоразм: Кеча ва бугун
Хоразм ўзининг қадим тарихи, бой маданиятига эга бўлган Ўзбекистондаги эътиборга молик ҳудудлардан биридир. Инсониятнинг илк ёзма ёдгорликларидан бири ҳисобланган зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” шу диёрда яратилган. Бундан уч минг йиллар илгари ҳам Хоразмнинг ўз ёзуви мавжуд эди. Батафсил...


Хоразм ҳақида битиклардаги илк ёзувлар. ДОРО I нинг Беҳсутун битиги
(ерамиздан аввалги 521-486 йиллар)

Ушбу битик Карманшоҳ яқинидаги денгиз сатҳидан 152 метр юқорироқда бўлган Беҳсутун қоясига ўйиб ёзилган. Битикнинг юқорисида улкан барелеф мавжуд. Унда тўққиз нафар шоҳ ва уруғларнинг бошлиқлари қўллари боғланган ва бўйинларига сиртмоқ солинган ҳолда Доронинг олдида тургани тасвирланган. Уларнинг ўнинчисининг устига шоҳ оёғини қўйиб турибди. Битик беш устун ва 414 сатрдан иборат. У уч тилда битилган (елам, бобил ва эски форс тилларида). Батафсил...



ГУЖУМ СОЯСИДАГИ ГУРУНГЛАР
30.08.2016

ГУЖУМ СОЯСИДАГИ ГУРУНГЛАР

 

А-320 аэробусимиз Урганч аэропортига қўнишгаҳозирланаётганда кўҳна Жайхун ва унинг Хоразм воҳаси узра таралиб кетган ирмоқлари кўз ўнгимизда ярқираб бор гўзаллиги билан намоён бўлди. Тошсоқаю Полвонёпдан Шовот каналига қадар ўнлаб йирик обиҳаёт артериялари улкан гужумнинг баҳайбат шохларидек она замин бағрига таралиб кетган. Инсонни туғилиб ўсган тупроғида дарахтлардек илдиз отиб, ҳаёт нашъу намосини суриб яшашига мана шу сув йўллари яратган тириклик ва фаровонлик асос-замин бўлса, осмон беғубор, юртинг тинч ва осойишта, бошинг узра озод Ватан офтоби нур сочаётгани кўнгил ободлиги, ғурур ва ифтихоринг бутунлигидан далолатдир.

 

Қиёфаси ер билан осмон қадар ўзгариб кетган янги Урганчнинг замонавий бино ва саройлари, кўркам боғлари, фавворалар чирой берган ўзига хос меъморий услубдаги шоҳкўчалари, гужумлар соя солган қишлоқ йўлларидан ўтиб борарканмиз, беихтиёр шу ҳақда ўйлар эдик. Янгиарик туман марказига келганимизда, энг аввало, икки нарса эътиборни тортди: биринчиси, айлана чорраҳа бўйидаги қўш қаватли мебел корхонаси ва унинг ёнидаги "Китоб олами” биноси бўлса, иккинчиси, катта кўчалар ёнидаги қурилиш ва бинокорлик ашёлари билан савдо қилувчи дўконларнинг гавжумлиги.

 

Илгари туманларда бундай манзарага кўзимиз тушмасди. Юртбошимиз ташаббуси билан қишлоқ аҳли учун замонавий лойиҳадаги янги уй-жойлар барча шароитлари, маҳалла гузарлари билан яхлит ҳолда қуриб берилаётгани одамларнинг ўз ҳаёт тарзига, яшаётган уй-жойига бўлган муносабатини ҳам тубдан ўзгартириб юборибди. Кимдир уйини таъмирлаган, кимдир томини очиб қайтадан ёпган, кимдир дарвозахонасини қўшқаватли қилиб қурган, яна кимдир эски уйини бузиб янги қурилиш бошлаган... Кўп йиллар "бизга бўлаверади” деган эскича ақидада яшаган одамларнинг ҳаёт тарзи ва дунёқарашида ўзгариш катта. Янгича фикрлаш туфайли олис қшлоқларга ҳам замонавий қурилиш жабҳаси кириб бормоқда. Шундай бўлгач, бинокорлик жиҳозларига эҳтиёж ошади-да: дўконларда цемент, оҳак, турли хил эшик ва ром, ламинату гулқоғоз, бир неча турдаги бўёқлар, кўчалар чеккасида уюм-уюм шағал...

 

Айниқса, "Навоий — Учқудуқ — Мискин — Нукус” темир йўли ишга туширилиб, Амударёнинг Ҳазорасп туманидан оқиб ўтувчи қисмида поездлар ва автомобиллар учун улкан кўприк қурилгач, Хоразм воҳаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига бинокорлик ашёлари келтириш миқёси бир неча баробар ошибди. Энди ўнг соҳилдаги Қоратов конидан қурилишлар учун тош-шағал ташиб келтириш харажати қисқарган, пойдеворбоп тош-шағалнинг кўплиги шундан...

 

Остона қишлогидаги 4-умумтаълим мактабининг гужумлар қуюқ соя солган боғ ҳовлисида мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан республика маънавият тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида бўлиб ўтган суҳбат чоғида "Қоракўз” маҳалласи оқсоқоли Қутлимурод ота Солаев шу ҳақда гапириб, "Тинч-осойишта элга тўйлар ярашади, — деди. — Садағанг кетай, мустақиллигимизнинг қадами қутлуғ келди, барча ишимизда барака бор! Ҳар куни юртимизда тўй, байрам, сайиллар. Болаларимиз аскарлик хизматига ой бориб омон қайтаяпти, чет элларда зқияпти. Юртбошимиз фармони билан қишлоқ аҳлига берилган қў1шимча томорқадан одамлар яхшигина даромад олиб, уйини созлаяпти, қўша-қўша машина миняпти. Икки йил аввал қишлоғимизда замонавий врачлик пункти қурилди, унга янги тиббий ускуналар олиб келинди. Тадбиркорлик ривож топмоқда. Яратганга шукр, ҳаракат қилган борки, меҳнатига яраша роҳат кўряпти. Мана қаранг, ғалла ўримидан сўнг, ўрнига эккан шолимиз ҳам бошоқлаб қолди. Насиб этса, бу йил ҳам мошу гуруч мўл бўлади. Бундай осойишта ҳаёт, фаровонлик учун яшаган сари яшагинг, барча яхши кунларнинг гувоҳи бўлгинг келади. Фарзанду набираларинг сен кўрмаган кунларни кўриб, сен яшамаган уйларда яшаётгани, элу юртда обрў-эътибор топаётгани, Ватанга хизмат қилиб мартабаси ошаётганидан қувонмай бўлади-ми?”.

 

Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Оллоберган Назаров "Маҳалла” фонди томонидан кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолига, айниқса, коллежларни битириб чиққан ёш тадбиркорларга зарур шарт-шароит яратиб берилаётгани, ободончилик ва янги иш уринлари очишда уларнинг улуши катта бўлаётгани ҳақида сўзлади. Оллоберганнинг ўзи афғон уруши қатнашчиси экан. "Биз камбағал оиладан бўлганмиз. Шўролар ҳеч кимнинг арз-додини эшитишни хоҳламаган, қоидага зид бўлса ҳам икки ака-укани бир йўла жаҳаннам қаърига юборишган. Оллоҳнинг инояти экан, соғ-омон келдик. Ўшанда бу урушдан қишлоғига темир тобутда қайтганлар ҳам йўқ эмасди. Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Ёшларга шу кунларнинг қадрига етишни, мустақиллигимиз моҳиятини идрок этиб яшашни уқтирамиз”, деди.

 

Бирор ҳунарни астойдил эгаллаган ўқувли, тадбиркор инсон борки, истиқлол замонида касбу коридан бахтини топаётир. Қишлоқларда турмуш маданияти юксалиб, бунёдкорлик авж олишида ҳам уларнинг улуши катта. Бунга ҳар қадамда гувоҳ бўласиз. Янгиариқдаги мебел корхонаси ва кўркам китоб дўконини кўриб, кўзимиз қувнаганини айтгандик. Туман ҳаёти билан танишиш жараёнида бу ишлар қўли гул уста Йўлдош Рўзметовнинг ҳиммати эканидан воқиф бўлдик. Айтишларича, йигирма йил аввал рафиқаси Жумагул ўғил туққанда Йўлдошбой яхши ният билан фарзандига Довруқ деб исм қўйибди. Ва ўша йили асос солинган хусусий корхонасини ҳам унинг номи билан "Довруқ” деб атаган экан. Буни қарангки, Йўлдош Рўзметовнинг яхши ниятлари ўзига йўлдош бўлиб, хусусий фирмаси бугун олтмиш икки турдаги шинам мебеллар ишлаб чикарадиган йирик корхонага айланибди. Бу мебеллар энг нозик дидли харидорга ҳам манзур бўлаётир. Уларнинг дизайни, қулайлиги, баҳоси талаб ва эҳтиёжга мос. Боиси, Йўлдош тадбиркор кўп изланади, корхонани энг замонавий мебелсозлик техникаси билан жиҳозлаб, дизайн соҳасидаги янги услубларни тез жорий этиш орқали даврдан орқада қолмасликка ҳаракат қилади. Янгиариқ тумани марказида шу йил "Навруз” байрами арафасида очилган навбатдаги "Китоб олами” дўкони корхонанинг шундай ёнгинасида жойлашгани бежиз эмас. Бир ярим минг номдаги турли китоблар кўзга иссиқ кўринаётган дўконнинг чиройли жавонлари "Довруқ” фирмаси устапари томонидан ишлаб чиқарилган. Ёш ҳунарманд усталар қўлидан чиқаётган бежирим мебелларни томоша қиларканмиз, тадбиркордан ҳаётий қизиқишлари, оиласи, фарзандлари ҳақида ҳам сўрадик.

— Яқинда замонавий лойиҳада қурилган намунали уйларга кўчиб ўтдик, — дейди у.

— Турмуш ўртоғим ва фарзандларимнинг қувончи чексиз. Ахир уймисан, уй-да! Янги уйни корхонамиз мебеллари билан жиҳозладик. Қўни-қўшнилар келиб кўришиб, ҳавас қилишяпти. Шу хилдаги меҳмонхона ва ошхона жиҳозларига, стол, стул, шкафларга буюртма беришяпти...

 

Бугун қутлуғ 25 йиллиги нишонланаётган мустақиллик халқимиз учун яратган буюк неъматлар шукронасини мана шу биргина оиланинг тўкис бахтида, фарзандлари иқболида яққол кўриб, ҳис этиб турардик. Йўлдош тадбиркор ҳаётидан мамнун. Ҳунарни эъзозлаб кам бўлмагани, имтиёзли банк кредитлари орқали ишлаб чиқариш кўламини кенгайтираётгани, эл- юрт ободлигида ҳиссаси борлигидан хурсанд. У Юртбошимизнинг фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши шарт, деган пурҳикмат сўзини ҳаётининг мазмуни, эътиқодига айлантирган. Бугун Тошкентдаги Сингапур менежмент университетида инглиз тилида сабоқ олаётган ўғли Довруқбек ўқишини битиргач, "Довруқ” фирмасининг шуҳратини Хоразмдан ташқарига ҳам ёйиши, шубҳасиз. Ахир дунё андозаларига мувофиқ илм эгаллаш илғор дунё билан бўйлашиб, беллашиб яшашга қанот бўлади-да!

 

***

 

"Боғот” сўзи зироатчилик ҳадди аълосига етган, миришкор боғбонлар истиқомат қиладиган манзилни англатади. Туманнинг шу ном билан аталиши ҳам бежиз эмас. Ҳазорасп томон йўлга чиқиб, Хонқа ҳудудидан эндигина ўтгандик ҳамки, дала четидаги ишкомларда саратон қуёшида олтиндек товланаётган узум бошлари диққатимизни тортди. Шу жойда деҳқончилик қилаётган фермерлар шиғил ҳосил туккан зангларни хомток қилиб, узум бошларини бор бисоти билан кўз-кўз қилиб қўйган экан. Буни кўриб, ҳамроҳимиз — вилоят маънавият тарғибот маркази раҳбари Қудрат Шарипов бир йил аввал бўлган қизиқ воқеани сўзлаб берди. Унинг айтишича, туман соҳибкорлари узумни кейинги йилнинг май ойига қадар ҳам сархил ҳолда сақлашнинг халқона усулидан фойдаланиб, хорижлик меҳмонларни қойил қолдираётган экан. Ўтган йил баҳорида Голландиядан келган бир мутахассис Боғотнинг шундай узумларидан татиб кўриб, "Дунёнинг бирон жойида бунақа бебаҳо узумни кўрган эмасман. Бу чинакам мўъжизанинг ўзи! Шу узумдан атиги бир бошни рафиқамга кўрсатиш учун Голландияга олиб кетсам, айтинглар, унинг нархи неча доллар, ҳозироқ тўлайман”, деб туриб олибди. Унга: "Йўқ бизда меҳмондан пул олинмайди. Сизга бир эмас, уч-тўрт бош сара узум совға қиламиз. Илтимос, пул ҳақида гапирманг”, дейишибди. Хорижлик эса, "Агар пулини олмасанглар, совғани қабул қилолмайман. Меҳмоннинг иззати учун шу удумингизни бир марта бузсанглар нима қилади?” дермиш. Хуллас,узумни кўкламу ёзга қадар сархиллигича сақлашнинг уддасидан чиққан боғотликлар меҳмонни совға олишга ҳам бирамаллаб кўндирган экан...

 

Ҳазил-мутойибага жон киритиб, "Лазги”га рақс тушишни ҳам қойиллатадиган Кудрат Шариповнинг бу ҳангомасини тинглар эканман, шу йил ёзда пойтахтимизда биринчи марта ўтказилган Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси барча хорижлик иштирокчиларни қойил қолдиргани ҳақида ўйладим. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган бу анжуман юртимизнинг эртанги истиқболига яна бир ойдин кўзгу тутгани, шубҳасиз. Ҳа, жаҳон ўзбек деҳқонининг қайноқ меҳри билан пишибетиладиган мева-сабзавотларнинг асл таъмини татиб кўрсин, жаннат қаерда ва қандай меҳнат ва маҳорат билан яратилажагини кўриб қўйсин!

 

Мустабид тузум фақат пахта эккин, деб қарамлик, мутеликдан бошқа нарсани бизга раво кўрмаган. Мустақиллик эса, халқимизнинг беқиёс истеъдодини — замонавий саноат соҳаларини пухта эгаллаб учқур машиналар яратаётган моҳир муҳандис, гўзал шаҳар ва қишлоқлар қураётган бунёдкор меъмор, айни чоғда, бутун жаҳонни тансиқ неъматлар билан сийлашга қодир миришкору соҳибкорлигини, зироатчиликни санъат даражасига кўтарган асл бободеҳқон эканини ҳам намоён этаётир.

 

***

 

Боғотнинг Қулонқорабоғ қишлоғи ҳамда Хонқадаги маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, Янгиариқ ва Питнак мусиқа ва санъат мактаблари, Миришкор кишлоғидаги касб-ҳунар коллежи, Хонқа тумани маиший хизмат ва ахборот технологиялари ҳамда педагогика ва спорт коллежлари, Янгиариқнинг Қармиш қишлоғидаги 24-мактабда ижодкорлар, олимлар, ёш санъаткорлардан иборат маънавият тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида ўтказилган мустақиллик шукронаси руҳидаги қизғин учрашувлар кўнгилга ёруғлик сочувчи шундай мулоқотларга бой бўлди. Бу мулоқотларнинг аксарияти қишлоқ жойларида янгидан қурилган маданият ва аҳоли дам олиш марказларида ўтгани қувончимизга-қувонч қўшди. Уларга одамлар худди театрга боргандагидек ясаниб, аёллар "гўзаллик салон”ларида ўзига оро бериб, болаларини қўғирчоқдек ясантириб олиб келишаётгани, санъаткорларнинг куй-қўшиқларига ҳамма бир бўлиб рақсга тушаётганини кўрганда, беихтиёр, мустақиллик халқимизнинг қадди-камолини ҳам, руҳиятини ҳам осмон қадар юксакка кўтарганидан ифтихор қилдик.

 

Мурод АБДУЛЛАЕВ,

 "Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухбири