Gerb Bayroq Madhiya Davlat mukofotlari Bosh sahifa Mobil versiya Sayt xaritasi Forum
Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!   Click to listen highlighted text! Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!
Матнни тинглаш!
  • xorazm.uz

    Юртбошимизнинг табири билан айтганда, Хоразм «Ўзбек давлатчилигининг илк тамал тоши қўйилган мукаддас замин!». Инсоният тамаддуни ўчоқларидан хисобланмиш бу кўхна юртдан не-не буюк алломалар, қомусчи олимлар, аҳли донишлар, авлиё-анбиёлар етишиб чиққан.

  • xorazm.uz

    Истиқлол туфайли юртимиздаги қадим шаҳарлар ва қалъалар, маданият ўчоқларини кўриш, зиёрат қилиш учун етти иқлимдан келаётган сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. Жаҳон бизнинг мўтабар юртимизни кўришга орзуманд!

  • xorazm.uz

    2017-2018 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури амалиётга аллақачон татбиқ қилинаётган улкан қурилишу таъмирлаш, энг замонавий асбоб-ускуналар келтириш, керакли мутахассисларни ўқитиш, ўргатиш жараёни жадал йўлга қўйилди.

  • xorazm.uz

    Халқимиз дастурхонининг файзиёблиги, бозорларимизнинг тўкинлигию озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблиги, арзонлиги, бир сўз билан айтганда юртимиз фаровонлиги бободеҳқонларимизнинг меҳнати маҳсулидир. Хоразм вохаси қишлоқ хўжалиги сохасида хам етакчилардан ҳисобланади.

Фотоалъбом

» Барча фотоалъбомлар

Видеотека

» Барча видео файллар

Тарих

Хоразм: Кеча ва бугун
Хоразм ўзининг қадим тарихи, бой маданиятига эга бўлган Ўзбекистондаги эътиборга молик ҳудудлардан биридир. Инсониятнинг илк ёзма ёдгорликларидан бири ҳисобланган зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” шу диёрда яратилган. Бундан уч минг йиллар илгари ҳам Хоразмнинг ўз ёзуви мавжуд эди. Батафсил...


Хоразм ҳақида битиклардаги илк ёзувлар. ДОРО I нинг Беҳсутун битиги
(ерамиздан аввалги 521-486 йиллар)

Ушбу битик Карманшоҳ яқинидаги денгиз сатҳидан 152 метр юқорироқда бўлган Беҳсутун қоясига ўйиб ёзилган. Битикнинг юқорисида улкан барелеф мавжуд. Унда тўққиз нафар шоҳ ва уруғларнинг бошлиқлари қўллари боғланган ва бўйинларига сиртмоқ солинган ҳолда Доронинг олдида тургани тасвирланган. Уларнинг ўнинчисининг устига шоҳ оёғини қўйиб турибди. Битик беш устун ва 414 сатрдан иборат. У уч тилда битилган (елам, бобил ва эски форс тилларида). Батафсил...



У ОЗОД ЮРТНИНГ ОБОД МАНЗИЛИ
28.01.2014

У ОЗОД ЮРТНИНГ ОБОД МАНЗИЛИ
Юртни обод этиш ва халқ фаровонлигини таъминлаш Истиқлол даври ислоҳотларининг бош масласидир. Диёримизнинг ҳар томонлама ўзгариш ва янгиланишларга юз тутаётгани, пировардида, юртимиз дунёнинг мутараққий мамлакатлари сафида энг илғор ўринларни эгаллаётгани ҳар бир ўзбекистонлик қалбини ғурурга чулғайди. Бугун азим пойтахт ва барча вилоятларимизни, туман ва шаҳарлар, қишлоқ ва овулларимизни қамраб олган бунёдкорлик кайфияти Ватан кенгликларига янгича қиёфа уфурмоқда. Қувонарлиси, янгиликларнинг ижодкори ҳам, омилкори ҳам қўли гул, заҳматкаш юртдошларимиздир.
Хоразмда улкан ўзгаришлар, амалга оширилмоқда
Мамлакатимизнинг бутун сарҳадларини бағрига олган ҳаётбахш ислоҳотлар вилоятимизда ҳам салмоқли натижалар бермоқда. Юртбошимизнинг “2013-2015 йилларда Хоразм вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги, "Урганч шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ободонлаштириш ишларини ва Хоразм вилояти аҳолисининг ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари бу борадаги эзгу ишларнинг изчил олиб борилишини таъминлаётир.
Қуёши ботмайдиган кент



2013-2015 йилларда Хоразмда саноат соҳасида 253 та лойиҳа амалга оширилиши кўзланган. Бунинг натижасида вилоят иқтисодиётига 462 миллион АҚШ доллари микдоридаги инвестиция жалб этилади. Энг муҳими, мазкур инвестициялар амалиётга татбиқ этилгач, 8870 та янги иш ўрни яратишга эришилади. Режадаги лойиҳаларнинг 128,1 миллион долларлик қисмини ўзида жам этган 50 та лойиҳани Урганч шаҳрининг ўзида амалга ошириш мўлжалланган. Бу эса вилоят марказининг ҳар томонлама тараққий этиши учун катта қадамдир.
...Бир қарашда Ватанимизнинг Қуёш ботар сарҳади — жануби-ғарбий қисми адоқсиз текисликлар, сайхонликларга туташдек. Аммо "қум бағрида зар" бўлгани каби кўм-кўк осмон остида салобат тўкиб турган жуда қадим ва навқирон ганжина — Урганч шаҳри киши эътиборини тортади. Азим кентга яқинлашилгани сари мовий гумбаз ва нақшинкор миноралар нигоҳларни ўйнатиб, Устюртнинг енгил сабоси шаҳар оғушидаги замонага мос тараққиёт исини олиб келади. Бугунги Урганч ҳаёти ана шундай: бу ерда ўтмиш, бугун ва келажак омухта. Бир тарафда дўппини бошдан туширар баландликдаги меъморий обидалар, бир ёнда саноатнинг янги авлодига мансуб ишлаб чиқарув марказлари...
Урганчдаги экскаватор заводи ҳайбатидан чўчиш ҳеч гап эмас. Вилоят туманларида ишга тушган 45 турдаги маҳсулотлар, жумладан, металл ва полимер қувур, совиткич, маиший техника воситалари, велосипед, турли қурилиш материаллари, ип-калава ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳар томонлама фойда келтирмоқда. Бандлик таъминланиб, ички бозор сифатли маҳсулотлар билан бойимокда, экспортбоп товарлар салмоғи ортмоқда.
Юртбошимиз 2012 йил 9 октябрда вилоятимизга ташриф буюриб, Урганч шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишган эди. Шаҳримиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, гўзал шаҳарга айлантириш лозимлиги хусусидаги қимматли фикрлари барча хоразмликларни қувонтириб юборганди. Бугун вилоят марказида янгитдан барпо этилган Ал-Хоразмий кўчасини замонавий миллий меъморчилигимизнинг ўзига хос гўзал намунаси сифатида баҳолаш мумкин. Унда 12 та кўп қаватли турар жой, 10 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш муассасаси, хар бири 25 ўринга мўлжалланган 3 та меҳмонхона, 4 та замонавий супермаркет, 38 та сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо этилди.
3,3 минг гектар майдонда ястанган Урганч шаҳри 120 мингдан ортиқ аҳолини бағрига олган. Ўтган йили шаҳарда транспорт коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш дастурига биноан 260 та лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида 266,8 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилди.
Шаҳардан шаҳарга отланган йўловчилар учун қулай шароит яратиш ҳамиша мутасаддилар эътиборида бўлиб келяпти. Янги қурилган шаҳар ва шаҳарлараро автостанциялар сўзимизни тасдиқлайди. Аҳолига троллейбусда хизмат кўрсатишни кенгайтириш учун 11 километр узунликда кичик ҳалқа йўли бўйлаб янги йўналиш ташкил этилди. Чехиянинг "Шкода электрик" жамиятидан 9 та троллейбус сотиб олингани шаҳар кўчаларидаги қатнов ҳажми ва сифатига ижобий таъсир кўрсатди. 45 та автобус, 50 та микроавтобус келтирилди. Янги, замонавий, қулай тўхташ жойлари қурилди ва бу давом эттирилмокда. Шунингдек, замонавий темир йўл  вокзалида янги перрон, ёзги павильон бино этилиб, бир йўла 500 йўловчига хизмат кўрсатиш таъминланяпти.
Муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича табиий газ ва ичимлик суви, электр энергияси, иссиқлик тармоқлари қайта бунёд этилмоқда. Шовот каналининг шаҳримизни кесиб ўтувчи 14,6 километр узунликдаги қисми бетонлаштириш йўли билан обод қилиняпти. Унинг атрофларида замонавий ландшафт архитектурасига мувофиқ кўкаламзор, хиёбон, дам олиш масканлари, меҳмонхоналар бунёд этилди.
Шаҳарда кўплаб турар жой бинолари, маънавий-маърифий ва маданий дам олиш объектлари, минглаб иш ўрнига эга ишлаб чиқариш корхоналари, спорт иншоотлари қурилаётир. Биргина "Ёшлик" кўчасининг ўзи тамомила ўзгариб кетди. Бу ердаги "Спорт шаҳарчаси" ёшларнинг севимли масканига айланишига шубҳа йўқ. Чунки бу ерда қад ростлаётган 2 та спорт зали, ёпиқ сузиш ҳавзаси, чим устида хоккей ва мини футбол майдончалари халқаро стандартдаги спорт инвентарлари билан таъминланади. Шаҳарчадаги қурилиш-пардозлаш ишлари якунланишига оз қолди. Мажмуа мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади.
Шу кунларда курилиши якунига етган Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали биноси шаҳар салобатига фусун бағишламокда. Талабалар учун янги турар жой, ошхона, ёш мутахассисларга мўлжалланган меҳмонхона зса жорий йил тўлиқ ишга туширилади. Талабаларга хизмат кўрсатиши режалаштирилган "Жайхун" меҳмонхонасини реконструкция қилиш учун 25 миллиард сўм ажратилган.
2013 йилда 24 миллиард сўм маблағ эвазига Урганч давлат университетининг 5 та биноси таъмирдан чиқарилди. 2012 йилда университетнинг 1 та ўқув биноси қурилган ва 2 та талабалар турар жойи таъмирланган эди. Президентимиз кўрсатмаларига асосан шаҳардаги олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги Урганч катта қурилиш майдонини эслатади. Бир маҳаллар хом ғишт ва пахса девордан тикланган бинолар ўрнида энди замонавий, кўркам, кўп қаватли иншоотлар. Тор, ўйдим-чуқур сўқмоқлар кенг ва равон кўчаларга айланган. Кўзни қувнатадиган иморатлар салобати дилларга фахр индиради. Калтаминорнинг нақшинкор қабатларида жилваланган қуёш нури Урганч чиройига мос тушган замонавий биноларга кўчиб ўтади. Гўё қуёш бу масканда сира-сира ботмайдигандек, мангу нур сочишга қарор қилгандек...
Аҳолига қулайликлар яратиш йўлида
Ҳар қандай жамиятнинг тараққиёт даражаси унинг аъзолари яшаш шароити, фаровонлиги ва турмуши ободлиги билан ўлчанади. Юртимизда ислоҳотларнинг инсон манфаатларига қаратилгани, шунинг натижасида халқимиз турмуш даражаси юксалаётгани айни ўринда жамиятимиз равнақидан ҳам нишона. Вилоят аҳолисига қулайликлар яратиш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Тоза ичимлик суви истеъмоли юзасидан 265,5 миллиард сумлик ҳажмдаги ишнинг бажарилиши кўзланган мақсад сари тўғри қадам ташланаётганини кўрсатди. Йўлларни таъмирлаш муҳим вазифалар қаторида тургани боис ўтган йили 54,4 миллиард сўм маблағ йўлларни асфальтлаш, таъмирлаш ва йўл белгилари ўрнатиш ишларига йўналтирилди. Бу соҳадаги ишлар Соғлом бола йилида ҳам жадал суръатларда давом эттирилади. Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш масаласи ҳам ижобий ҳал этиляпти. Айни шу мақсад йўлида якунланган йилда 18,7 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилгани фикримиз далилидир. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги 2 та дастур ижроси учун 82 миллиард сўм маблағ сафарбар этилиб, бу борада юқори ўсиш кўрсаткичларига эришилди. Ислом тараққиёт банкининг 120 миллион долларлик инвестицияси ҳисобига Урганч — Хива — Питнак канализация тизими қайта таъмирланди. Кўркам қиёфа касб этган Урганч халқаро аэропортида ҳам кенг кўламдаги реконструкция, курилиш ишлари олиб борилди. Ҳозирда Урганч — Париж, Урганч — Милан чартер рейслари орқали юзлаб йўловчиларга кўнгилли хизмат кўрсатиляпти.
Маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари изчил олиб бориляпти. Урганч шаҳрида 35 та маҳалланинг ички йўлларига асфальт қопламаси ётқизиш, текислаш ишлари самарали ташкил этилмокқа. Болалар майдончалари, мусиқали дастурлар учун саҳналар барпо этилиб, болажонларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш чоралари кўрилди.
Хуллас, вилоятимизнинг қай бир гўшасига борманг, қишлоқ ва маҳаллаларимиз обод бўлиб бораётгани, халқимиз турмуш даражаси тобора яхшиланаётгани, ўз навбатида, маиший хизмат ва сервис соҳаси замон талаблари даражасида ташкил этилаётганига гувоҳ бўласиз. Олис қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган турар жойларни кўриб қувонасиз. Яқин истиқболда Хоразм мамлакатимизнинг саноат салоҳияти, замонавий аграр тармоғи жадал ривожланган ҳудудларидан бирига айланишига шубҳа йўқ.

Озод АБДУЛЛАЕВ,
Шоира НУРУЛЛАЕВА,
Урганч давлат университети
ўқитувчилари
“Моҳият”, 2014 йил 24 январ № 4 (700)