Gerb Bayroq Madhiya Davlat mukofotlari Bosh sahifa Mobil versiya Sayt xaritasi Forum
Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!   Click to listen highlighted text! Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!
Матнни тинглаш!
  • xorazm.uz

    Юртбошимизнинг табири билан айтганда, Хоразм «Ўзбек давлатчилигининг илк тамал тоши қўйилган мукаддас замин!». Инсоният тамаддуни ўчоқларидан хисобланмиш бу кўхна юртдан не-не буюк алломалар, қомусчи олимлар, аҳли донишлар, авлиё-анбиёлар етишиб чиққан.

  • xorazm.uz

    Истиқлол туфайли юртимиздаги қадим шаҳарлар ва қалъалар, маданият ўчоқларини кўриш, зиёрат қилиш учун етти иқлимдан келаётган сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. Жаҳон бизнинг мўтабар юртимизни кўришга орзуманд!

  • xorazm.uz

    2017-2018 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури амалиётга аллақачон татбиқ қилинаётган улкан қурилишу таъмирлаш, энг замонавий асбоб-ускуналар келтириш, керакли мутахассисларни ўқитиш, ўргатиш жараёни жадал йўлга қўйилди.

  • xorazm.uz

    Халқимиз дастурхонининг файзиёблиги, бозорларимизнинг тўкинлигию озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблиги, арзонлиги, бир сўз билан айтганда юртимиз фаровонлиги бободеҳқонларимизнинг меҳнати маҳсулидир. Хоразм вохаси қишлоқ хўжалиги сохасида хам етакчилардан ҳисобланади.

Фотоалъбом

» Барча фотоалъбомлар

Видеотека

» Барча видео файллар

Тарих

Хоразм: Кеча ва бугун
Хоразм ўзининг қадим тарихи, бой маданиятига эга бўлган Ўзбекистондаги эътиборга молик ҳудудлардан биридир. Инсониятнинг илк ёзма ёдгорликларидан бири ҳисобланган зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” шу диёрда яратилган. Бундан уч минг йиллар илгари ҳам Хоразмнинг ўз ёзуви мавжуд эди. Батафсил...


Хоразм ҳақида битиклардаги илк ёзувлар. ДОРО I нинг Беҳсутун битиги
(ерамиздан аввалги 521-486 йиллар)

Ушбу битик Карманшоҳ яқинидаги денгиз сатҳидан 152 метр юқорироқда бўлган Беҳсутун қоясига ўйиб ёзилган. Битикнинг юқорисида улкан барелеф мавжуд. Унда тўққиз нафар шоҳ ва уруғларнинг бошлиқлари қўллари боғланган ва бўйинларига сиртмоқ солинган ҳолда Доронинг олдида тургани тасвирланган. Уларнинг ўнинчисининг устига шоҳ оёғини қўйиб турибди. Битик беш устун ва 414 сатрдан иборат. У уч тилда битилган (елам, бобил ва эски форс тилларида). Батафсил...



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОД ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ САЙЛОВЧИЛАРИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВДАГИ НУТҚИ
16.11.2016

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОД
ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ САЙЛОВЧИЛАРИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВДАГИ НУТҚИ

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Ҳурматли дўстлар!

Авваламбор, мана шу қадим ва гўзал Хоразм заминида, сиз, азизлар билан учрашиб, сизларни соғ-саломат, хуш кайфиятда кўриб турганимдан хурсандман.

Сўзимнинг аввалида барчангизга, сизлар орқали бутун вилоят аҳлига ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва самимий тилакларимни изҳор этаман.

Мана, ҳозиргина сизлар билан Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовни эслаб, у кишининг хотираси ва руҳи покларига ҳурмат бажо келтирдик. Дарҳақиқат, улуғ Йўлбошчимизнинг вафоти эл-юртимиз учун беқиёс оғир йўқотиш бўлди.

Ўзининг бутун раҳбарлик фаолиятини Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига бағишлаб, илгари дунё харитасида ҳам бўлмаган мустақил Ўзбекистон давлатига асос солган бу улуғ зотнинг тарихий хизматларини бугунги ва келажак авлодлар ҳеч қачон унутмайди.

Мана, ҳозир Урганч аэропортидан келаётиб, йўлнинг у томонига қарайман, бу томонига қарайман. Хоразм воҳасининг бугунги гуллаб-яшнаётган қиёфасида, қад кўтараётган янги-янги замонавий бинолар, саноат корхоналари, муҳташам саройлар, равон йўллар, кенг майдон ва хиёбонлар, боғ-роғлар, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва спорт масканларида – буларнинг барчасида Ислом Абдуғаниевичнинг қутлуғ изларини, муборак сиймосини кўргандек бўламан. Ва бундай ҳиссиётларни бугунги кунда ҳар бир юртдошимиз ўз қалбидан ўтказмоқда, десам, ўйлайманки, хато қилмаган бўламан.

У киши қадимий ва навқирон Хоразм заминини, унинг кўҳна тарихи ва бой маданиятини, меҳнаткаш Хоразм аҳлини қандай ҳурмат қилишини, қандай юксак қадрлашини ҳаммамиз яхши биламиз.

Хоразмликларнинг ўз юртига, туғилиб ўсган тупроғига садоқатига Юртбошимиз доимо қойил қолиб, буни бошқаларга ибрат ва намуна қилиб кўрсатиб, «Ёт элларнинг боғи билан боғчаси, Хоразмнинг янтоғича кўринмас» деган сатрларни такрорлар эдилар.

Яратганнинг марҳамати билан 27 йил давомида шу буюк инсонга елкадош ва сафдош бўлиб ишлаш саодати менга насиб этганидан бахтиёрман. Ана шу даврда у кишидан ўрганган иш услуби, ҳаёт ва раҳбарлик тажрибасини халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши учун сафарбар этиш қанчалик оғир ва масъулиятли, айни вақтда шарафли вазифа эканини вақт ўтган сари айниқса чуқур ҳис этмоқдаман.

Буюк Юртбошимиз, азиз Ислом Абдуғаниевичнинг сиёсий меросини, давлат ва жамият қурилиши бўйича белгилаб берган стратегик ғоялари, олдимизда турган улкан мақсад ва вазифаларни давом эттириш ва янги босқичга кўтариш борасидаги ўз бурчим ва жавобгарлигимни чуқур ҳис қилган ҳолда, мен бу сайловда иштирок этиш ҳақидаги таклифни қабул қилганимни айтиб ўтишни жоиз деб биламан.

Қадрли дўстлар!

Хоразм деганда, жаҳон илм-фани, маданият ва санъати тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, ўзбек давлатчилигининг тамал тоши қўйилган бетакрор бир ўлка кўз олдимизга келади.

Инсоният тарихидаги энг қадимий ёзма манбалардан бири бўлган "Авесто” китобининг айнан шу заминда пайдо бўлгани Хоразм юртининг тарихи қандай теран эканидан далолат беради.

Илк ўрта асрларда айнан шу ерда асос солинган Маъмун академияси бутун Шарқ ва Ғарб оламида қандай юксак шуҳрат қозонгани барчамизга яхши маълум.

Жўшқин Амударёдан сув ичиб, муқаддас ва табаррук Хоразм тупроғида униб-ўсган, халқимиз тарихида ўчмас из қолдирган Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Носириддин Рабғузий, Сулаймон Боқирғоний, Саккокий, Мунис, Феруз, Огаҳий, Баёний ва бошқа кўплаб алломалар, шоир ва мутафаккирларнинг номлари жаҳон цивилизацияси тарихига ҳақли равишда олтин ҳарфлар билан битилган.

Мен ана шундай улуғ аждодларимизнинг башарият тарихида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида шу йил сентябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида сўзлаганимда дунёнинг турли мамлакатларидан келган атоқли сиёсат ва жамоат арбоблари уларнинг буюк меросига катта ҳурмат ва эҳтиром билан қараганларини, уларни биргаликда ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб қилишга тайёр эканликларини билдиришганини бугун яна бир бор ғурур билан такрорламоқчиман.

Эл-юрт озодлигини ўз ҳаётидан ҳам устун қўйган Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро каби мардлик ва жасорат тимсоли бўлган боболаримиз бутун халқимизнинг ифтихорига айланган.

Буюк валий Нажмиддин Кубро улуғ ёшда бўлишига қарамасдан, Чингиз лашкарларига қарши мардонавор жангга киргани, Ватан байроғини унинг қўлидан тортиб ололмаган ёвуз босқинчилар у зот ҳалок бўлганидан кейин қўлини кесиб, байроқни олишгани тилларда достон бўлиб келади.

Бундай беқиёс жасорат бугунги кунда ҳам ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат билан яшаш, уни мардона ҳимоя қилиш йўлида буюк ибрат намунаси бўла олади.

Хоразм диёридан етишиб чиққан улуғ олимлар ҳақида гапирганда, математика, тригонометрия ва география фанларининг шаклланишига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад Хоразмий номини биринчилар қаторида тилга оламиз. Ўнлик позицион ҳисоблаш тизимини, ноль белгиси ва қутблар координатларини айнан шу ватандошимиз илк бор асослаб берган ва амалиётга татбиқ этган.

Бу улуғ зотнинг номи "алгоритм” ва "алгебра” каби замонавий илмий атамалар билан бирга бутун дунёга тарқалиб, ер юзидаги барча маданий халқлар тилларида қўлланиб келмоқда.

Шу ўринда бир фикрга эътиборингизни қаратмоқчиман. Дунёдаги машҳур "Би-би-си” компанияси тайёрлаган кичкина бир ҳужжатли фильмни сизлар ҳам кўрган бўлсангиз керак.

Унда Буюк Британиялик мухбир ўзининг мобиль телефонини кўрсатиб, "Мен ҳар сафар шу телефондан фойдаланганимда унинг ичида мужассам бўлган буюк ўзбек Муҳаммад Хоразмий даҳосига таъзим қиламан” дейди.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда ахборот-коммуникация соҳасида жаҳонда эришилаётган барча ютуқларга буюк ватандошимизнинг илмий кашфиётлари асос бўлиб хизмат қилаётгани ҳаммамизга ғурур ва ифтихор бахш этмайдими?

Шу муносабат билан бир таклифни сизлар билан маслаҳат қилмоқчиман.

Маълумки, пойтахтимизда Тошкент ахборот технологиялари университети, кўпгина вилоятларимизда эса унинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

Ана шу нуфузли олий ўқув юртига улуғ бобомиз Муҳаммад Хоразмий номини берсак, мен ўйлайманки, ҳар томонлама адолатли иш бўлур эди. Сизлар бунга нима дейсизлар!

Шу асосда ушбу университетнинг обрў-эътиборини ошириш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида биз билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган давлатлар, жумладан, Жанубий Корея билан Хоразмий бобомизнинг номини, унинг бебаҳо илмий меросини янада чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб қилиш борасида янги бир қадам қўйган бўлардик.

"Оққан дарё – асло тўхтамас”, деганларидек, Хоразмда ана шундай буюк алломаларнинг шонли анъаналарини давом эттираётган, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай камол топаётган ёшларимизнинг сафи тобора кенгайиб бораётгани айниқса қувонарлидир.

Мана шундай ёшларимиздан бири, Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси Ҳакимбой Эгамберганов қаторасига уч йил – 2014, 2015, 2016 йилларда математика бўйича Европа мамлакатларида бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олтин медални қўлга киритиб, Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираси эканини исботлаб берди.

Ҳакимбой Урганч туманида туғилган ва шу тумандаги 1-сон мактабда ўқиган.

Шу билан биргаликда у замонавий математиканинг жадал ривожланаётган соҳаларида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Бундай иқтидорли ёшларимизни ҳар қанча қўллаб-қувватласак, олқишласак оз, деб ўйлайман.

Бу ҳақда гапирганда, куни кеча бизни тарк этган севимли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг "Уммон ортин ёритди илк бор, Берунийнинг ақл машъали” деган сатрлари беихтиёр ёдга тушади. Ўзбекистон ёшларининг "ақл машъали” ҳали кўп бор дунё аҳлини ҳайратга солиб, ҳаммани қойил қолдиришига ишонаман.

Бугунги кунда хоразмлик буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари сифатида Ўзбекистон Қаҳрамонлари Шарифбой Ражабов, Бектурди Жуманиёзов, машҳур педагоглар Вера Пак, Анора Маҳмудова ва Эгамберган Каримов, моҳир шифокор Равшан Қурбонов, темир йўл соҳасининг фидойи раҳбари Очилбой Раматов, хизмат кўрсатган пахтакор ва қишлоқ хўжалиги ходимлари Бахтиёр Ҳалимбетов, Бахтиёр Мадримов, Отамурод Худойназаров каби кўплаб заҳматкаш инсонларнинг, Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши йўлида тинмасдан меҳнат қилаётган жонкуяр раҳбар Шакаржон Хўжаниёзованинг номларини чуқур ҳурмат-эҳтиром билан тилга оламиз.

Сизлар яхши хабардор бўлсангиз ҳам, мен Хоразм воҳаси миллий кино санъатимизнинг пойдевори қўйилган тарихий юрт эканини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Биринчи ўзбек кино режиссёри ва оператори Худойберган Девонов ўта мураккаб бир даврда, XX аср бошида ўзбек кино санъатига асос солган фидойи инсон сифатида маданиятимиз тарихида сўнмас из қолдирган.

Хоразмликларнинг бетакрор санъати ҳақида ҳар қанча гапирсак арзийди. "Сувора”ю "Лазги”ни эшитмаган, улардан олам-олам завқ олмайдиган инсонни юртимизда топишнинг ўзи қийин.

Сафо Муғанний, Чокар, Шерозий, Матёқуб Харратов, Бола бахши каби тенгсиз санъаткорлар ўзбек санъати тарихининг тимсолига айланган, десам, хато бўлмайди.

Икки аср муқаддам бу ўлкада "Хоразм танбур чизиғи” деб номланган нота тизими яратилгани айниқса эътиборга моликдир. Бундай ноёб ва буюк меросимизни топиб, уни ўрганиш ва тарғиб этишга улкан ҳисса қўшган хоразмлик мусиқашунос олимларимиз Отаназар Матёқубов, Рустам Болтаев, Ҳамидулла Аминовга чин қалбдан миннатдорлик билдиришни ўзимнинг бурчим деб биламан.

Айни вақтда биз Хоразмнинг мана шундай бебаҳо маданий меросини, айниқса, Хоразм мақомларини янада чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш, уларни келгуси авлодларга безавол етказиш, катта билим ва фидойиликни талаб қиладиган бу соҳага ёш санъатшуносларни жалб этиш, бунинг учун ташкилий, моддий ва маънавий томондан тегишли шароитларни яратиб бериш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур.

Ўзбекистон Фанлар академияси, Хоразм Маъмунакадемияси, Ўзбекистон давлат консерваторияси ва бошқа илмий даргоҳларимиз бу масалани ўз назоратига олса, вилоят ҳокимлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги бу ишни ҳар томонлама қўллаб-қувватласа, айни муддао бўлур эди.

Сизлар яхши биласизлар, Ўзбекистон халқ артистлари Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, Олмахон Ҳайитова, Отажон Худойшукуров, Гулнора Рахимова, Ўзбек халқ ҳофизи Рўзмет Жуманиёзов сингари элимиз севган ўнлаб санъаткорларнинг устози Комилжон Отаниёзовдир.

Ватанимиз гўзаллигини, юксак инсоний туйғуларни авж пардаларда куйлаган, беназир овоз соҳиби Комилжон Отаниёзов таваллудига келгуси йили 100 йил тўлади. Буюк санъаткоримизнинг юбилейини ҳақиқий санъат ва нафосат байрами сифатида бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонласак, Хоразм аҳлининг ҳақиқий орзуси амалга ошади, десам нима дейсизлар?

Ҳозирги вақтда Хоразмда улуғ ҳофизнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида аввало унинг фидойи мухлислари томонидан вилоят миқёсида бир мунча ишлар қилинганидан биз хабардормиз.

Аммо, очиқ тан олиш керак, бу ишлар буюк санъаткорнинг шон-шуҳрати ва мавқеи даражасида эмас.

Шунинг учун вилоятда Комилжон Отаниёзов номи билан аталадиган бир замонавий ижод маркази ва унинг таркибида гўзал боғ ташкил этсак, истеъдодли ёшларимизнинг бу ерга келиб, адабиёт ва санъат, кино, фотография сирларини чуқур ўрганишини йўлга қўйсак, нур устига нур бўлар эди.

Юбилей тадбирлари доирасида умуман Хоразмнинг ўлмас мусиқий мероси, хусусан, Комилжон Отаниёзов ижодига бағишлаб халқаро илмий конференция ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзининг ёрқин истеъдоди билан Хоразм санъатини дунёга тараннум этиб келаётган Ўзбекистон халқ артистлари Гавҳар Матёқубова, Марям Ихтиёрова, Ортиқ Отажонов, ака-ука Эшчоновлар, Фарҳод Давлетов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Тоҳир Саидов, Александр Бекчонов, Тўлқин Жабборов, "Ниҳол” мукофоти совриндорлари Бунёдбек Саидов, Дилмурод Султонов ва барча-барча хоразмлик ижодкорларга янги-янги муваффақиятлар тилашга рухсат бергайсиз.

Бу диёрда туғилиб камолга етган Эркин Самандар, Омон Матжон, Комил Аваз, Гавҳар Ибодуллаева каби ўнлаб шоир ва ёзувчилар ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Хоразмлик машҳур академикларимиз Саъдулла Искандаров, Азимбой Саъдуллаев, профессорлар Баҳром Абдуллаев, Шавкат Қодиров, Икром Абдувалиев сингари олимларимиз бугун ҳам ўзбек илм-фани шуҳратини дунёга ёйиб келмоқдалар.

Ушбу жонкуяр олимларимизнинг Ватанимизга қилаётган катта хизматларини алоҳида эътироф этиб, уларга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман.

Барчангизга аёнки, Хоразм Маъмун академияси Биринчи Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан ташкил этилган эди. Ўтган вақт мобайнида ушбу илм даргоҳи катта ишларни амалга оширди.

Лекин бугунги куннинг ўткир талаблари Хоразм Маъмун академиясининг фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илмий кадрлар салоҳиятини ошириш, илмий изланишларнинг мавзу доираси ва самарадорлигини, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Шунинг учун Ўзбекистон Фанлар академиясига 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси билан биргаликда Маъмун академиясининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳасини киритиш топширилади.

Муҳтарам учрашув қатнашчилари!

Хоразм замини азалдан кураги ерга тегмаган паҳлавонлар юрти сифатида ҳам маълум ва машҳурлигини барчамиз яхши биламиз.

Шоир ва полвон сифатида донг таратган Паҳлавон Маҳмуд бобомиз анъаналарининг бугунги кундаги давомчилари бўлган хоразмлик спортчилар эришаётган ютуқлар ҳар қанча таҳсинга сазовор, албатта.

Мустақиллик йилларида спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишлар юксак натижалар бермоқда.

Охирги беш йилда вилоят спортчилари жаҳон ва Осиё чемпионатларида, халқаро турнирларда 170 та олтин, 75 та кумуш ва 167 та бронза медалини қўлга киритгани ҳам шундан далолат беради.

Айниқса, шу йил Бразилияда ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида бронза медални қўлга киритган Диёрбек Ўразбоев, 15-Паралимпиада ўйинларида бронза медалига сазовор бўлган Ҳайитжон Алимова, Гулруҳ Раҳимова, Севинч Салаева, Турсунпошша Нурметоваларни, уларнинг устоз-мураббийларини яна бир бор қутлаб, барчаларига бахт ва омад тилаймиз.

Ҳурматли ватандошлар!

Маълумки, шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови барчамиз, бутун эл-юртимиз учун яна бир жиддий синов, Ватанимизнинг келгуси ривожланиш йўлини белгилаб берадиган ўта муҳим сиёсий тадбирдир.

Сайлов кампанияси халқимизнинг ҳамжиҳатлигини, дунёқараши, сиёсий маданияти юксалиб, ўз келажагини ўз қўли билан қуриш йўлидаги қатъияти ва ишончи тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Бўлажак сайловларда ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаро ўз хоҳиш-иродасини намоён этиб, аввало, ўзининг, оиласи ва фарзандлари, эл-юртимизнинг бугунги ва эртанги кунини ўйлаб овоз беради, албатта.

Сайловолди жараёнларининг видеоконференция, очиқ мулоқот шаклида ўтказилаётгани ҳар бир сиёсий партия электорати, барча сайловчиларнинг фаоллигини янада оширмоқда.

Бу жараёнда ўтган йигирма беш йил давомида халқимизнинг онгу тафаккури, ҳаётга, ўз тақдири, мамлакатимиз келажагига муносабати тубдан ўзгарганини ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Ва бу бизнинг демократик тараққиёт йўлидаги энг катта ютуғимиздир, десак янглишмаган бўламиз.

Ўзининг қадимий тарихи мобайнида кўп синов ва машаққатлардан ўтган, ҳаётнинг маъноси, инсоннинг қадр-қимматини яхши англайдиган Хоразм аҳли бу сиёсий жараёнда ўзининг сиёсий етуклигини, фаол гражданлик позициясини намойиш этади, деб ишонаман.

Муҳтарам сайловчилар!

Менинг сайловолди дастуримда белгиланган мақсад ва вазифалар аввало ўтган даврда мамлакатимиз эришган улкан ютуқларга асосланади. Чунки бугун қайси маррада турганимизни билиб, англаб олмасдан биз кейинги, янада юқори маррага кўтарила олмаймиз.

Бу ҳақда гапирганда, Хоразм вилоятида охирги беш йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1,6 баробар ошганини, унда саноатнинг улуши 25,5 фоизга етганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Жумладан, шу даврда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,5 баробар, истеъмол товарлари 3,3 баробар, қурилиш ишлари 1,8 баробар ва чакана савдо айланмаси 1,5 баробар ўсди.

Албатта, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Аммо биз учун бу рақамлар халқимизнинг кундалик ҳаётида, дастурхонида, унинг кайфиятида қандай акс этмоқда, деган савол энг муҳим аҳамиятга эга. Нега деганда, бизнинг барча саъй-ҳаракат ва интилишларимиз аввало улуғ бир мақсадга – инсон манфаатини таъминлаш, одамларнинг рўзғорини обод, ҳаётини янада фаровон қилишга қаратилган.

Вилоятда кейинги йилларда жон бошига ҳисоблаганда аҳоли даромадлари 2 баробарга ўсгани ҳаммамизни қувонтиради. Бу ўз навбатида одамларимизнинг турмуш даражаси ва сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. Масалан, сўнгги беш йилда ҳар юзта хонадонга тўғри келадиган автомобиллар сони 1,6 баробар, кир ювиш машиналари 1,3 марта, пилесос, телевизор ва холодильниклар 1,2 марта кўпайган.

Маълумки, Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 22 ноябрдаги қарори асосида 2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури қабул қилинган эди. Ўтган даврда ушбу дастур доирасида 308 миллион доллардан ортиқ инвестиция ҳисобидан 432 та саноат корхонаси ташкил этилди.

Айниқса, вилоятда "Дамас”, "Орландо” ва "Лабо” автомобиллари, гидравлик экскаваторлар, бульдозерлар, маиший ва саноатбоп холодильниклар каби юқори технологиялар асосида маҳсулот чиқарадиган корхоналар барпо этилди.

Бундай катта ўзгаришларни енгил саноат соҳасида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Боғот, Ҳазорасп, Шовот, Янгибозор туманларида янги замонавий тўқимачилик мажмуалари иш бошлади.

Бугунги кунда вилоятдаги 34 та қўшма корхонанинг 15 таси ёки қарийб ярми охирги беш йилда, илгари бундай корхоналар мавжуд бўлмаган туманларда ташкил этилгани эътиборлидир.

Яна бир муҳим тармоқ – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Кейинги беш йилда вилоятда 5 минг 300 дан ортиқ янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони қарийб 11 мингтага етди.

Бугунги кунда ушбу соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 74 фоизга, ҳудудий экспорт таркибида эса 42 фоизга етди. Вилоятда меҳнат билан банд аҳолининг 82 фоиздан зиёди айнан шу соҳада ишламоқда.

Ҳаммангиз яхши биласиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич ушбу вилоятнинг оғир иқлим ва тупроқ шароитини ҳисобга олиб, "Хоразм деҳқонининг ҳар бир куни – бу ҳақиқий қаҳрамонлик”, деган гапни кўп такрорлар эдилар.

Ҳақиқатан ҳам, ёзи жазирама иссиқ, қиши қаҳратон совуқ бўладиган, ерлари кучли даражада шўрланган бу ҳудудда мардона меҳнат қиладиган воҳа деҳқон ва фермерларини бир эмас, икки марта қаҳрамон, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Мен ўйлайманки, деҳқончиликнинг қандай қийин ва машаққатли соҳа эканини, Хоразм шароитини биладиган ҳар қандай одам менинг бу фикрларимга албатта қўшилади.

Бундай мураккаб шароитда бир туп гиёҳ, бир туп кўчатни кўкартириш қандай катта меҳнат ва фидойилик эвазига амалга ошишини билган одам билади, билмаган одам билмайди.

Дунёдаги энг машаққатли касб бўлган деҳқончилик соҳасида Хоразм аҳли беқиёс тажрибага эга. Хоразм деҳқончилик мактабини, ана шундай бой ва ноёб тажрибаларни чуқур ўрганиш ва бошқаларга ўргатиш, кенг оммалаштириш мақсадида вилоятда бир илмий марказ ташкил этсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бу марказга молиявий ва илмий-методик томондан тегишли ёрдам ва кўмак кўрсатиш вазифасини Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги зиммасига юклаш кўзда тутилмоқда.

Мен ўйлайманки, мана шундай марказни ташкил этсак, нафақат мамлакатимиз, балки хорижий ўлкалардан ҳам фермерлар, олим ва мутахассислар келиб, Хоразм деҳқончилик мактабининг сирларини атрофлича ўрганиш имконига эга бўладилар. Ушбу марказни ташкил қилишга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Сулаймонов) ва Бош вазир ўринбосари А.Ариповлар масъул қилиб белгиланадилар.

Фурсатдан фойдаланиб, бу йил ғалла, пахта, шоли ва мева-сабзавот экинларидан мўл ҳосил етиштирган, ризқ-рўзимиз бунёдкори бўлган миришкор деҳқон ва фермерларга, барча дала меҳнаткашлари, бутун Хоразм аҳлига чуқур миннатдорлик билдираман.

Ҳурматли дўстлар!

Бизнинг сайловолди дастуримизда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Хоразм вилоятини ривожлантириш бўйича ҳам аниқ режалар ишлаб чиқилган. Рухсатингиз билан улар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Вилоятда яқин беш йилда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, мавжудларини модернизация қилиш бўйича 645 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Энг йирик лойиҳалардан бири – "УзИксЭмЖи” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида 15 миллион доллар инвестиция ҳисобидан йилига 400 дона гидравлик экскаватор ва йўл қуриш техникасини ишлаб чиқариш лойиҳаси жорий этилади.

Озиқ-овқат саноатида келгуси беш йилда умумий қиймати 118 миллиард сўм бўлган 231 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Шулар қаторида 2018 йилда Урганч туманидаги "Элита чорва насл” корхонасида 1 миллиард 100 миллион сўм сармоя киритилиб, мева-сабзавот шарбатлари тайёрлайдиган корхона ташкил этилади.

Енгил саноат, чарм-пойабзал тармоқларида келгуси беш йилда 118 та лойиҳа амалга оширилади.

Жумладан, Урганч шаҳри, Боғот, Гурлан, Ҳазорасп, Хонқа ва Янгиариқ туманларида замонавий корхоналар ташкил этилади.

Шунинг ҳисобидан вилоятда пахта толасини қайта ишлаш даражаси бугунги кундаги 46,6 фоиздан 2021 йилда қарийб 64 фоизга етказилади.

Яна бир муҳим дастур – 2017-2021 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлар дастури.

Мазкур дастурда яқин беш йилда 2 миллиард 200 миллион доллар инвестиция жалб этиб, 120 та янги корхона ташкил этиш, 20 та корхонани модернизация қилиш кўзда тутилмоқда.

Бунинг натижасида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 марта ортади. Хоразм вилоятида бу борада 8 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида 192 та лойиҳа амалга оширилади. Мисол учун, Хонқа туманидаги "Оби ҳаёт инжиниринг” корхонасида йилига 80 минг метр полиэтилен қувур тайёрлаш йўлга қўйилади.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришбўйича ишлар давом эттирилади. 2017 йилда бу борада 12 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлса, 2021 йилга бориб, уларнинг сони 25 тага етказилади.

Хоразм вилоятида келгуси беш йилда ҳудудий экспорт ҳажмини камида икки баробар ошириш, экспорт фаолиятига камида 120 та корхонани жалб этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади.

Биз қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва модернизация қилишни изчил давом эттирамиз.

Келгуси беш йилда ер майдонларини оптималлаштириш ҳисобидан гўшт ва сут ишлаб чиқаришни камида 1,9 баробар, тухумни 1,2 марта, картошка, мева-сабзавот ва узум етиштиришни 1,3 карра кўпайтириш, шунингдек, уларни қайта ишлашни кенгайтириш юзасидан самарали иш олиб борилади.

Вилоятда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун магистрал каналлар реконструкция қилинади, насос билан суғориладиган майдонлар 30 минг гектардан ортиқ экин майдонларида сизот сувлар сатҳи пасайтирилади.

Маълумки, Хоразм воҳаси бетакрор табиати, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган ноёб маданий ва тарихий обидалари, инфратузилма тармоқлари билан Ўзбекистоннинг юксак сайёҳлик салоҳиятига эга бўлган ҳудудларидан ҳисобланади.

Шу сабабли вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш ишлари изчил давом эттирилади. Жумладан, келгусида яна 25 та янги меҳмонхона қуриш ва мавжуд 5 та меҳмонхонани кенгайтириш ҳисобидан улардаги ўринлар сони 2 минг 100 тадан 3 минг 170 тага етказилади. Шунингдек, 22 та маданий-тарихий мерос объектида таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажарилади.

Боғот, Хонқа, Янгибозор ва Урганч туманларида Амударё соҳилларида, "Ғовуккўл” ва "Эшонравот” кўллари бўйида соғломлаштириш-сайёҳлик мажмуалари барпо этилади.

Ана шундай ишларимиз натижасида 2021 йилга бориб, вилоятга келадиган хорижий сайёҳлар сони икки баробар кўпайиб, 100 минг нафарга етиши кутилмоқда.

Вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари янада ривожлантирилади. Биз давлат ва нодавлат корхоналарида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарасини ошириш бўйича катта ишларни бажаришимиз зарур.

Аҳолига кўрсатилаётган телекоммуникация хизматлари сифатини ошириш мақсадида келгуси беш йилда 316 километр оптик толали алоқа тармоқларини ва 60 та мобиль алоқа таянч станциясини қуриш назарда тутилмоқда.

Ҳазорасп туманидаги Тупроққалъа ва Саримой аҳоли пунктларида тўртта рақамли телеузатгич ўрнатиш орқали вилоят ҳудудида рақамли телевидениедан фойдаланиш даражасини 76 фоиздан 100 фоизга етказиш мўлжалланмоқда. Бу режаларни белгиланган муддатда ва юқори сифат билан амалга ошириш учун биз барча ресурс ва имкониятларга эгамиз.

Ҳаммамизга маълумки, биз бугун ахборот глобаллашуви даврида яшаяпмиз. Биз истаймизми, йўқми, юртимизга турли кўринишдаги ахборот хуружлари бўлиши табиий.

Ана шундай хуружларга қарши аҳолида, айниқса, ёшларда иммунитетни мустаҳкамлаш, уларни миллий қадриятларимиз, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда телевидение ва радионинг ўрни беқиёсдир.

Афсуски, Тошкентдаги республика телевидениесидан кейин иккинчи бўлиб республикамизда иш фаолиятини бошлаган Хоразм вилояти телевидениеси биноси ўтган асрнинг 60-йилларида ҳашар йўли билан қурилган. Бу бино бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди.

Шу сабабли вилоят телевидениеси учун Урганч шаҳри марказида янги бино қурсак, бунга қандай қарайсизлар?

Худди шунингдек, бугунги кунда вилоятда 31 та даврий нашр мавжуд. Аҳолини, айниқса, ёшларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялашдаги уларнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Шу боисдан, маҳаллий журналистларнинг малакасини ошириш, турли ижодий учрашувлар, семинар ва ўқувлар ўтказиш, касб маҳорати бўйича фикр-мулоҳазалар алмашишга хизмат қиладиган "Матбуот уйи” биносини қурсак, мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Азиз Хоразм аҳли!

Фарзандларимизни мустақил фикрли, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, соғлом ҳаётий позицияга эга, чинакам ватанпарвар инсонлар сифатида тарбиялаш биз учун ҳеч қачон ўзининг долзарблигини йўқотмайдиган масала ҳисобланади.

Бу борада аввало, касб-ҳунар коллежларини, олий ўқув юртларини битираётган ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг қобилияти ва салоҳиятини намоён этишлари учун етарли шарт-шароит яратиб бериш ҳаммамизнинг нафақат вазифамиз, балки бурчимиз эканини алоҳида таъкидламоқчиман.

Бугунги кунда ён-атрофимизда диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, "оммавий маданият” деган турли бало-қазоларнинг хавфи тобора кучайиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу муаммонинг нақадар ўткир ва кескин бўлиб турганини англаш қийин эмас.

Шу сабабли ёшларимиз тарбиясига, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, бунда жамоат ташкилотлари, биринчи навбатда, "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг иштирокини кенгайтириш каби масалаларга янада жиддий эътибор қаратишимиз лозим.

Бу борада бизнинг дастур ва режаларимизда қиз болаларни илм-фан, касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашга ўргатиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётда муносиб ўрнини топишига кўмаклашиш, эрта никоҳларнинг олдини олиш каби муҳим вазифалар ҳам ўз ифодасини топган. Уларни амалга оширишда яқинда қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун барчамиз учун асосий қўлланма бўлиб хизмат қилиши керак.

Барчангиз яхши тушунасизки, юқорида зикр этилган долзарб муаммоларни ҳал этиш бевосита ҳудудлар, туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, одамларнинг ҳаётига ва кайфиятига салбий таъсир этадиган нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш билан узвий боғлиқдир.

Шу борада биз ҳозирги вақтда айни шу йўналишларда бир қатор муҳим дастурлар қабул қилдик. Айтиш керакки, бу дастурларнинг айримлари кейинги пайтда қабул қилинган фармон ва қарорлар билан тасдиқланиб, уларнинг ижроси бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Биринчидан, Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, фармон билан тасдиқланди.

Бу ҳақда кўп гапирмасдан фақат битта фикрни таъкидлашни зарур, деб биламан.

Ушбу дастур шу борада олдин қабул қилинган қонун ҳужжатларини жойларда сўзсиз бажариш, янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, давлат органлари томонидан тадбиркорларга ҳалақит бериш, уларнинг йўлига тўсиқ қўйиш эмас, аксинча, ҳар томонлама кенг кўмак беришни таъминлашга қаратилади.

Келгуси беш йил мобайнида Хоразм вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларга тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар миқдорини камида уч баробар кўпайтириш бўйича аниқ вазифалар қўйилмоқда.

Бу борада кўриладиган аниқ чоралар натижасида яқин беш йилда 6 минг 500 дан ортиқ янги кичик бизнес субъекти ташкил этилади ва уларнинг умумий сони 17 мингтага етказилади.

Шу ўринда бир таклифниўртага ташламоқчиман. Яхши биласизлар, бугунги кунда Навоий, Жиззах, Ангрен шаҳарларида эркин индустриал ҳудудлар фаолият кўрсатмоқда. Уларга қўшимча равишда ҳозир Ургут, Қўқон ва Ғиждувон туманларида ҳам ана шундай эркин иқтисодий зоналар ташкил қилинаяпти.

Хоразм вилоятида ҳам тадбиркорлик жуда ривожланган. Шуни инобатга олиб, Хазорасп туманида, Питнак шаҳрида эркин индустриал зона ташкил қилсак, сизлар нима дейсизлар?

Иккинчидан, 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тасдиқланганидан барчангизнинг хабарингиз бор.

Ушбу дастурда қишлоқ жойлардаги даромади кам бўлган ва ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, қулай ва арзон кўп қаватли уйларни қуриш йўли билан уларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, турмуш даражаси ва сифатини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Уларга кўра, келгуси йилда 15 мингта ана шундай уй-жой қурилади. Жумладан, Хоразм вилоятида 2017 йилда 1 минг 72 та намунавий уй-жой қуриш ва кейинги йилларда ҳам бу ишларни давом эттириш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасини тубдан яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилади. Мисол тариқасида, кейинги йилда Урганч шаҳридаги Тинчлик ва Маърифатчи кўчаларини реконструкция қилиш ишлари ниҳоясига етказилади. Амир Темур номидаги истироҳат боғи реконструкция қилинади. Бундай қурилиш ва ободончилик ишлари барча туман марказлари ва аҳоли пунктларида ҳам кенг кўламда олиб борилади.

Шунингдек, Урганч шаҳри ва туман марказларида замонавий лойиҳалар асосида жами 1 минг 472 та квартирага мўлжалланган 46 та кўп қаватли "Камолот” уйларини барпо этиш ва уларни ижтимоий ҳаётимизда фаол иштирок этаётган ёшларимизга топшириш мўлжалланмоқда.

Учинчидан, Ҳудудий автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дастурига биноан Хоразм вилоятида келгуси беш йилда умумфойдаланишдаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган 123 километр автомобиль йўлларини капитал таъмирлаш, 503 километр ички йўлларни жорий ва капитал таъмирлаш, 9 та кўприкни реконструкция қилиш бўйича вазифалар белгилаб олинган.

Тўртинчидан, Шаҳар ва қишлоқларда транспорт таъминотини янада ривожлантириш дастури тайёрланмоқда.

Хоразмда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида охирги 5 йил давомида 393 та автобус ва 181 та микроавтобус сотиб олиниб, Урганч шаҳри ва шаҳар атрофи йўналишларига қўйилди.

Бу борадаги ишларни изчил давом эттирган ҳолда, келгуси беш йилда яна 169 та автобус сотиб олиш, 6 та автостанция қуриш, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун қўшимча транспорт йўналишларини ташкил этиш режалаштирилди.

Бундан ташқари, келгуси икки йилда қарийб 76 миллион доллар инвестиция ўзлаштириш ҳисобидан умумий узунлиги 36 километрдан зиёд Мискин – Урганч темир йўл тармоғини электрлаштириш мўлжалланмоқда. Мавжуд 134 километр темир йўл тармоқлари таъмирланиб, Ҳазораспдаги вокзал реконструкция қилинади.

Бешинчидан, Қишлоқларда ичимлик суви таъминоти тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастурига мувофиқ яқин беш йилда Хоразм вилоятида 718 километрдан ортиқ сув тармоқлари янгитдан қурилади, 115 километр тармоқ эса тубдан таъмирланади.

40 миллион доллар инвестиция ҳисобидан Урганч, Хива ва Питнак шаҳарларида кунлик қуввати 80 минг кубометрни ташкил этадиган оқова сувни тозалаш иншоотлари ҳамда 134 километр оқова сув тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади.

Оролбўйи минтақасида жойлашган Хоразм воҳаси учун аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш нақадар долзарб эканини барчамиз яхши тушунамиз. Дастурда белгиланадиган ишларни амалга ошириш натижасида 220 минг аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланиб, ичимлик суви таъминоти даражаси вилоят бўйича 91 фоизга етказилади.

Олтинчидан, Кўмир таннархини ва аҳолига харид қийматини пасайтириш, шунингдек, қиш мавсумида бу борада чайқовчилик қилишни ва нархларнинг ошиб кетишини бартараф этиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Дастурда куз-қиш мавсумида туманлар ва қишлоқ жойларда кўмирга бўлган талабни қондириш, аҳолини кўмир билан узлуксиз таъминлаш, унинг таннархи ва истеъмолчига етказиб бериш нархини камайтириш бўйича комплекс қўшимча чора-тадбирлар назарда тутилади.

Дастурга асосан, вилоятдаги кўмир етказувчи корхона томонидан кўмирни маҳаллаларга олиб бориб, тарқатиш йўлга қўйилади.

Ҳозирги кунда Хоразм вилоятида бир тонна кўмирнинг нархи 126 минг сўм қилиб белгиланди. Шунингдек, Урганч шаҳрида брикетланган кўмир ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этилиб, кунига 40 тонна маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилади.

Еттинчидан, Шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг электр энергиясидан фойдаланишини янада яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилаётган дастур доирасида келгуси беш йилда вилоятда 1 минг 107 километр электр тармоқлари, 336 та трансформатор пункти ва 5 та подстанция қуриш режалаштирилмоқда.

Тахиатош иссиқлик электр станциясидан Хоразмдаги Саримой аҳоли пунктигача 220 киловольтли электр тармоғини барпо этиш мўлжалланмоқда. Бу лойиҳани амалга ошириш натижасида вилоят аҳолиси ва корхоналарни электр энергияси билан таъминлаш яхшиланади.

Келгуси икки йилда Боғот ва Шовот туманларида қиймати 176 миллион доллар бўлган 60 мегаватт қуёш электр станцияси қуриш мўлжалланаётганини айтиб ўтишни зарур деб биламан.

Саккизинчидан, Мактабгача таълим муассасаларини реконструкция ва модернизация қилиш дастури тайёрланмоқда. Боланинг инсон сифатида шаклланиши аввало оилада ва болалар боғчасидаги шароит ва тарбия ишларига боғлиқ. Олимлар ва педагоглар бола тарбияси қанча эрта бошланса, шунча яхши, деб ҳисоблайдилар.

Шунинг учун фарзандларимиз камолоти йўлида биз маблағ ва имкониятни аямаслигимиз керак. Дастурда янги болалар боғчалари қуриш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий усулларни жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Хоразм вилоятида келгуси беш йилда жами 228 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади.

Айни вақтда бу соҳада хусусий болалар боғчалари фаолиятини йўлга қўйишга ҳам кенг имконият очиб берилади.

Тўққизинчидан, Бозорларни реконструкция ва модернизация қилиш, савдо тизимини такомиллаштириш дастури ишлаб чиқилмоқда. Бозорлар азалдан юртимизда тинчлик, тўкинлик ва фаровонлик белгиси ҳисобланади. Айни вақтда бозорлар ҳаёт даражамиз, миллий маданиятимизнинг кўзгуси ҳамдир.

Дастурга мувофиқ, келгуси беш йилда Урганч шаҳри ва 9 та туман марказида жойлашган деҳқон бозорлари реконструкция қилинади. Бундан ташқари, Урганч шаҳридаги маҳаллаларда жойлашган кичик бозорларнинг қиёфаси ҳам замонавий кўринишга келтирилади.

Шунингдек, бозорлар қошидаги савдо-харид корхоналари ва автомобиллар тўхташ жойлари фаолиятини яхшилаш, бозорлар фаолиятини, шу йўналишдаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилади.

Яна бир муҳим дастур – пенсионерларга тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш масалалари билан боғлиқ.

Тайёрланаётган ушбу дастурда муҳтарам фахрийларимиз олдидаги фарзандлик бурчимизни адо этиш, уларнинг умрини мазмунли қилиш мақсадида келгуси беш йилда пенсионер, ногирон, ёлғиз қариялар ва аҳолининг кам таъминланган қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш назарда тутилмоқда.

Жумладан, Хоразм вилоятида ана шундай тоифага мансуб фуқароларнинг соғлигини мустаҳкамлаш учун ҳар йили уларнинг 2 минг 250 нафарини, шунингдек, 450 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийсини турли санаторийларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Ҳозирги пайтда айрим кексаларимиз саломатлиги ёки бошқа сабаблар туфайли ана шу йўллардан фойдалана олмаяпти.

Хўш, бундай шароитда нима қилиш керак? Ушбу йўлланманинг ўртача нархи ҳозирги кунда 800 минг сўмни ташкил этмоқда. Биз бундай нуронийларимизга йўлланмаларнинг пулини беришга қарор қилдик. Ўйлайманки, бу – адолатли ечим.

Бундан ташқари, "Нуроний” жамғармаси, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Касаба уюшмалари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ёлғиз қарияларни ҳар йили қиш мавсуми учун кийим-бош ва озиқ-овқат захираси билан таъминлаш ишлари бундан буён ҳам давом эттирилади.

Келгуси тўрт йилда юртимиздаги барча Мурувват ва Саховат уйларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларда ҳар жиҳатдан замонавий шароитлар яратиш белгиланган.

"Нуроний” жамғармасининг мақоми ва мавқеини кўтариш, унинг вилоят ва республика тузилмаларининг штат бирликларини кўпайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга биз алоҳида эътибор қаратамиз.

Биринчи навбатда шаҳар ва туманларда жамғарманинг давлат бюджетидан маблағ билан таъминланадиган бўлимлари ташкил этилади.

Азиз дўстлар, мўътабар кексаларимиз, ота-онаю бобо-момоларимиз бошимиздаги тожи давлатимиз эканини ҳеч қачон унутмайлик.

Бу ғанимат, кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган ҳаётда уларни қанча қадрлаб, қанча эъзозласак, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам ҳеч қачон кам бўлмаймиз.

Яна бир муҳим ҳужжат – оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури ишлаб чиқилмоқда.

Дастурга мувофиқ, барча янги туғилган чақалоқлар, ўсмир қизлар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар бугунги 70 фоиз ўрнига 100 фоиз патронаж тизими билан қамраб олинади. Натижада, касалланиш ҳолатларининг олди олиниб, оналар ва болаларда касалликларни эрта аниқлаш кўрсаткичи 60 фоиздан 85 фоизга етказилади.

Шунингдек, дастурда аёллар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатишни замонавий талаблар даражасига кўтариш, жумладан, шу йўналишдаги даволаш ва профилактика ташкилотларининг моддий-техник базасини ва кадрлар таркибини янада мустаҳкамлаш, уларга махсус ва юқори технологиялар асосида тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Хоразм вилоятида ҳам келгуси беш йилда Қўшкўпир, Ҳазорасп, Урганч ва Янгибозор туманлари тиббиёт бирлашмаларига қарашли туғруқ комплекслари ва болалар бўлимлари, Урганч шаҳридаги клиник шифохонани реконструкция қилиш ва жиҳозлаш режалаштирилмоқда.

Яна иккита муҳим ҳужжат – Фармацевтика саноатини янада ривожлантириш ҳамда Аҳолини дори воситалари билан таъминлаш даражасини ошириш ва дори-дармон нархлари шаклланишини такомиллаштириш дастурлари ишлаб чиқилмоқда.

Бизда дори воситалари ишлаб чиқариш ва дори-дармонларнинг нархи масаласида муаммолар борлигини очиқ тан олишимиз керак. Бу масалалар аҳолини қийнаётгани, уларнинг кўп маблағи дори-дармонга сарф бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Дастур доирасида умуман тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган 4 та ҳукумат қарорини қабул қилиш белгиланган.

Жумладан, фармацевтика соҳасида 2016-2020 йилларда мамлакатимизда 67 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Натижада фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 баробар кўпаяди. 22 та йўналиш бўйича кенг турдаги янги дори воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Хоразм вилоятида келгуси беш йилда 39 та корхонада 100 дан ортиқ номдаги импорт ўрнини босадиган дори воситалари ишлаб чиқарилади. Вилоятдаги шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида ижтимоий дорихоналар ташкил қилинади ва уларда дори воситалари арзон, мақбул нархларда сотилиши таъминланади.

Ўн тўртинчидан, Қаттиқ маиший чиқиндиларни санитария йўли билан тозалаш ва зарарсизлантириш тизимини янада такомиллаштириш дастури тайёрланмоқда. Бу масалага менинг маърузамда жуда қисқа – ярим бетгина жой ажратилган, лекин унинг қандай катта аҳамиятга эга эканини тушуниш, англаш қийин эмас.

Дастурда келгуси беш йилда қаттиқ маиший чиқиндиларни санитария йўли билан тозалаш ва зарарсизлантириш бўйича муҳим тадбирлар белгиланади.

Жумладан, Хоразм вилоятида 71 та ноқонуний жойда тўпланиб қолган чиқиндиларни жорий йил охиригача тугатиш вазифаси қўйилмоқда. Вилоятдаги санитария-тозалаш ва ободончилик ташкилотлари қўшимча равишда 15 та махсус юк транспорт воситаси ва бошқа зарур техникалар билан таъминланади.

Келгуси икки йилда жами 4 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан вилоятдаги маиший чиқинди полигонлари тартибга солинади.

Ҳаммамиз тушунамизки, кун тартибига қўйилаётган бундай улкан масалаларни ҳал қилиш учун аввало маблағ керак, даромад керак. Шу нуқтаи-назардан қараганда бугунги кунда маҳаллий бюджетларнинг субвенцияга қарамлик даражасини кескин камайтириш долзарб вазифа бўлиб турибди. Ҳозирги вақтда 8 та туман – Боғот, Гурлан, Қўшкўпир, Хонқа, Хива, Шовот, Янгиариқ ва Янгибозор туманлари маҳаллий бюджетлари харажатларининг 33-62 фоизи субвенция ҳисобига қопланмоқда.

Албатта, вилоят иқтисодиётини ривожлантириш бўйича юқорида айтиб ўтилган чора-тадбирлар ишлаб чиқаришнинг сезиларли даражада ўсишини, демакки, маҳаллий даромад базасини ҳам кўпайтиришни таъминлайди. 2020 йилда Хива ва Хонқа туманларини, 2021 йилда Шовот туманини субвенциядан чиқариш кўзда тутилмоқда.

Азиз юртдошлар!

Сизларнинг эътиборингизни яна бир муҳим масалага қаратмоқчиман. Бу халқимизнинг тинчлиги, кафолатланган хавфсизлигини таъминлаш масаласидир. Биз бу мақсадга эришиш учун ҳозирги вақтда Ички ишлар вазирлиги тизимини тубдан ўзгартириш чора-тадбирларини кўряпмиз.

Ўз пайтида Муҳтарам Юртбошимиз ички ишлар идораларининг энг қуйи тизимида профилактика инспекторларини ташкил қилган эдилар. Аммо бугун бу инспекторлар профилактика, яъни жиноятларнинг олдини олиш билан шуғулланмаяпти, аксинча, содир бўлган жиноятларни рўйхатга олиш, юқори идораларга ҳисобот ёзиш билан банд.

Шу сабабли бу масалага қарашимизни тубдан ўзгартириб, маҳалладаги участка нозирларига самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароитларни яратиб берамиз. Уларга хизмат уйлари ва автомашиналар берилади. Участка нозирлари энди кечаси билан ухламай маҳалла осойишталигини қўриқлаб юрадиган бўлади.

Шунингдек, ҳар бир туман ҳокими ва туман ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади.

Азиз дўстлар!

Мустақиллик йилларида биз эришган энг катта ва бебаҳо бойлик – кўпмиллатли халқимизнинг аҳиллиги, жамиятимиздаги ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитидир.

Бутун дунёда мураккаб вазият юзага келаётган, терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бугунги шароитда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш – хавфсизлик ва барқарорликни ҳамда халқимизнинг осойишта ҳаётини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолатидир.

Яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман – биз мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига таҳдид солишга уринадиган ёвуз кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига кескин зарба беришга қодирмиз.

Ташқи сиёсат соҳасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан ишлаб чиқилган принцип ва ёндашувларга тўлиқ амал қилиш сайловолди дастуримизнинг муҳим таркибий қисмини ташкил этади.

Бу сиёсатнинг асосий маъно-мазмуни – тинчликпарварлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келадиган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш, барча хорижий давлатлар ва жаҳон ҳамжамияти билан амалий ҳамкорлик қилишдан иборат.

Мамлакатимиз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмайди, бошқа давлатларнинг ҳарбий база ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўйилмайди.

Ташқи сиёсатни амалга оширишда барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз.

Мен мана шу маърузага тайёргарлик кўриш жараёнида мутафаккир бобомиз Абуллайс Самарқандийнинг шу ҳақда айтган бир фикрига дуч келиб қолдим. Бу улуғ зот, мана, нима деб ёзган эканлар:

"Парвардигор бизга насиба қилиб яратган барча неъмат ва бойликлар ичида доимо қадр-қиммат қилишимиз лозим бўлган, эъзозлашимиз шарт бўлган олий фазилат – бу дўстлик ва меҳр-оқибатдир”.

Қаранг, қандай зўр, қандай чуқур маъноли, бугунги кунимиз учун ҳам қандай зарур гап.

Бугун мана шу эзгу йўлда янги амалий қадамлар қўяётганимиз, жумладан, Хоразм вилоятига яқин қўшни бўлган қардош Туркманистон давлатининг Президенти ҳурматли Гурбангули Бердимуҳамедов билан ўтказган музокараларимиз, ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз ривожланиб бораётгани бунинг яна бир тасдиғидир ва биз бу ишларни изчил давом эттирамиз.

Бундай ҳамкорлик ришталари ҳам юртимизда, ҳам минтақамизда тинчлик ва тараққиётни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳтарам ва қадрли юртдошларим!

Биз сайловолди дастуримизда белгилаб олган мақсад ва вазифаларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш, мамлакатимизни янада ривожлантириш учун келгуси беш йилга мўлжалланган асосий устувор йўналишлар бўйича Ҳаракат стратегиямизни ишлаб чиқамиз.

Ўтган даврда мамлакатимизда самарали амалга ошириб келинган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги тараққиёт йўлини янги босқичга кўтаришда биз юртимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, мана шу заминнинг гуллаб-яшнаши йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимиз, бутун халқимизнинг ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳиятига таянамиз.

Мен бутун халқимиз қаторида гўзал ва бетакрор Хоразм вилояти аҳлининг тинч, эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаш, унинг эзгу орзу-ниятларини амалга ошириш йўлида бутун борлиғимни аямасдан хизмат қилишни, сизларнинг ишончингизни оқлашни ўзим учун юксак шараф деб биламан.

Сўзимнинг охирида сизларга ва сизлар орқали кўпни кўрган, мард ва олижаноб, бағрикенг Хоразм аҳлига сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

"Хоразм ҳақиқати” газетаси,

2016 йил 16 ноябрь №93.