Gerb Bayroq Madhiya Davlat mukofotlari Bosh sahifa Mobil versiya Sayt xaritasi Forum
Матнни тинглаш!
  • xorazm.uz

    Юртбошимизнинг табири билан айтганда, Хоразм «Ўзбек давлатчилигининг илк тамал тоши қўйилган мукаддас замин!». Инсоният тамаддуни ўчоқларидан хисобланмиш бу кўхна юртдан не-не буюк алломалар, қомусчи олимлар, аҳли донишлар, авлиё-анбиёлар етишиб чиққан.

  • xorazm.uz

    Истиқлол туфайли юртимиздаги қадим шаҳарлар ва қалъалар, маданият ўчоқларини кўриш, зиёрат қилиш учун етти иқлимдан келаётган сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. Жаҳон бизнинг мўтабар юртимизни кўришга орзуманд!

  • xorazm.uz

    2017-2018 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури амалиётга аллақачон татбиқ қилинаётган улкан қурилишу таъмирлаш, энг замонавий асбоб-ускуналар келтириш, керакли мутахассисларни ўқитиш, ўргатиш жараёни жадал йўлга қўйилди.

  • xorazm.uz

    Халқимиз дастурхонининг файзиёблиги, бозорларимизнинг тўкинлигию озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблиги, арзонлиги, бир сўз билан айтганда юртимиз фаровонлиги бободеҳқонларимизнинг меҳнати маҳсулидир. Хоразм вохаси қишлоқ хўжалиги сохасида хам етакчилардан ҳисобланади.


БИРЛАШИШДАН МАҚСАД - ФАОЛИЯТНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

Жорий йилнинг 21 октябрь куни бўлиб ўтган “Урганч шароб” очиқ акциядорлик жамияти акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилишида “Паркент шароб” ОАЖни “Урганч шароб” ОАЖга бирлаштириш ва бу жараён билан боғлиқ ташкилий ишлар кун тартибининг асосий масалалардан бири бўлди.

“Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компанияси тизимига кирувчи бу иккала корхона ихтисослашувига кўра бир хил фаолият билан шуғулланади. Корхоналардан бири Тошкент вилоятининг Паркент туманида, иккинчиси эса Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида жойлашган.

“Урганч шароб” корхона ҳақида сўз юритадиган бўлсак, унинг фаолияти натижалари кўзни қувонтиради. Жамият ижро органининг бошқарувни оқилона йўлга қўя билгани боис, кейинги 3-4 йилда “Урганч шароб” очиқ акциядорлик жамиятида салмоқли ютуқлар қўлга киритиляпти. Корхона бошқаруви раиси Рафқат Канеев ишлаб чиқариш соҳасини яхши биладиган мутахассислардан. 2010 йил сарҳисоби бўйича жамоа 1 млрд. 715 млн. сўм миқдорида соф фойдага эга бўлди. Бу кўрсаткич 2009 йилга нисбатан деярли 1,5 баравар кўпдир. Ушбу ютуқлар корхонада кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилганлиги туфайли қўлга киритиляпти. Бу, ишлаганга имкон кенг, деган нақлнинг ҳаётий исботи, десак, асло муболаға эмас.

“Паркент шароб” ОАЖ эса иқтисодчилар “тили” билан айтганда, банкрот, яъни таназзулга юз тутган корхона сифатида бугунги кунда фаолиятини тўхтатган. Зеро, узумнинг айнан кўплаб саноатбоп навлари етиштириладиган Паркент туманида соҳани ривожлантириш имкониятлари катта эканлигини эътиборга оладиган бўлсак, корхонанинг “тўхтаб” қолиши эшитган қулоққа эриш туюлади, албатта.

Хўш корхона нега бундай аҳволга тушиб қолди? Корхоналарда корпоратив бошқарув тизими жорий қилинишинингмоҳияти шундаки, фаолиятда яккаҳокимчилик, тўрачилик, ўзибўларчилик каби ҳолатларнинг олдини олишдир. Шу маънода акциядорлик жамиятларида акциядорлар томонидан ишончли вакиллардан иборат. Кузатув кенгаши сайланиб, унга бевосита ижро органи фаолияти устидан доимий назорат қилишдек ваколат берилган. Кузатув кенгаши эса ўз фаолияти юзасидан акциядорларнинг Умумий йиғилишларида мунтазам равишда ҳисобот бериш тизими айнан акциядорлар манфаатларига тўла мос келишини инобатга оладиган бўлсак, бундай бошқарув кўплаб акциядорлик жамиятларида иқтисодий ўсиш омилларидан бири сифатида эътироф этилаётир.

Тўғри, бозор иқтисодиёти шароитида банкротлик тушунчаси ва атамаси эндиликда кўпчиликка бегона бўлмасада, бундай вазиятга тушишнинг ўзи кишида нохуш кайфият уйғотади. “Паркент шароб”нинг таназзулга юз тутиши сабаблари ҳақида бугун минг бир важни рўкач қилиш мумкиндир, балки. Аммо мақсадимиз бу ҳақда мулоҳаза юритиш эмас, бундай ҳолатларнинг умуман содир бўлмаслиги учун масалага ўз вақтида очиқ кўз билан қарашга ўрганишда!

Гап шундаки, барча имконият, шарт-шароитлар бўла туриб, корхонанинг изчил фаолият юритмаслигини изоҳлаш қийин. Ҳайриятки “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компанияси мутасаддиларининг саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, уни иқтисодий жиҳатдан анча бақувват бўлиб бораётган “Урганч шароб”га бирлаштиришдан кўзланган мақсад корхонани оёқка турғазишдан иборат эди.

Компания бошқаруви раисининг тегишли кўрсатмасига асосан, жамият акциядорларининг 2011 йил 28 июнь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида “Урганч шароб” очиқ акциядорлик жамиятига “Паркент шароб” очиқ акциядорлик жамиятини бирлаштириш шартномаси тасдиқланди.

Айни пайтда жамиятни қайта ташкил қилишга қарши овоз берган акциядорларга Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига асосан акция пулларини қайтариб беришга қарор қилинди. “Урганч шароб” ОАЖда бўлиб ўтган галдаги қўшма йиғилишда паркентлик меҳмонлар, яъни йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга акциядорлар, “Паркент шароб” ОАЖ Кузатув кенгаши аъзолари ҳамда “Урганч шароб” ОАЖ Кузатув кенгаши раиси, аъзолари ҳамда корхона ишчи-хизматчилари иштирок этишди.

Паркент билан Урганч шаҳри ораси 1000 километрдан ортиқроқ масофани ташкил қилади. Хўш, бирлашадиган бўлса, узумнинг турларига бой Паркент хом ашёга “кон” бўлса-ю, ишлаб чиқариш жараёни “Урганч шароб”да бўладими? Унда маҳсулот таннархи ошиб кетмайдими? Хоразмда узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига корхона томонидан буюртмалар бўладими?..

Йиғилиш жараёнида бу каби саволлар корхона тақдирига бефарқ бўлмаган ҳам паркентлик, ҳам урганчлик акциядорлар, мутахассисларни бирдек қизиқтиргани бежиз эмас эди. Шу сабабдан бўлса керак, ночор аҳволга келиб қолган корхонада ишни ташкил қилиш, кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш, ишлаб чиқаришни бир маромда бўлишини таъминлаш учун бошқарувни ишончли “қўл”га топшириш шарт ва зарур эканлиги ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришга чиққан маърузачилар томонидан қайта-қайта таъкидлаб ўтилди.

Биз Паркентдан хом ашё ташиб келтириш ниятимиз йўқ. Бу ўз-ўзидан харажатлар ошишига ва маҳсулот таннархига таъсир қилмай қолмайди, - деди “Урганч шароб” ОАЖ бошқаруви раиси Рафқат Канеев. - Паркентнинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Паркент туманининг табиат инъом этган тоза суви, соф ҳавоси, саноатбоп сифатли узум навларидан бир пайтлар ишлаб чиқарилган маҳсулот турларини кўпайтириб, экспортни йўлга қўйиш ниятимиз бор. Бунинг учун корхонани таъмирлаш, модернизация қилиш учун инвестиция киритиш режасини ишлаб чиққанмиз. Ушбу режани босқичма-босқич амалга оширамиз. Паркентдаги корхонани “Урганч шароб”нинг ишончли қаноти бўлиши учун бир ёқадан бош чиқариш ягона мақсадга айланмоғи керак. Ана шундагина кўзланган мақсадга эришамиз.

Паркент туманида узумчилик соҳасида юқори натижаларга эришаётган 11 та агрофирмалар қатори бизнинг агрофирманинг ҳам муносиб улуши бор, - деди йиғилишда иштирок этган Паркент туманидаги “Турсун Барот” агрофирмаси раҳбари Бахтиёр Баратов. - 300 гектар токзоримиз бор. Мавсумда 400 тоннага яқин саноатбоп узум етиштириб бериш имкониятига эгамиз. Узумни қабул қилувчи корхоналардан бири “Паркет шароб” “Урганч шароб” тасарруфига қўшилиб, фаолиятини қайта тиклаб оладиган бўлса, биз хом ашёни шартнома асосида узлуксиз тарзда етказиб беришимиз мумкин бўлади. Дарвоқе корхона тақдирига биз каби кўплаб паркентликлар ҳам бефарқ эмаслар.

Ўша кунги қўшма йиғилишда иккала корхонанинг бирлашуви билан боғлиқ саволлар, фикр-мулоҳаза ва таклифлар кўп бўлди. Эътиборлиси шундаки, ҳамманинг бирлашиш натижасида томонларнинг манфаатларига зиён етказмасдан бу тадбирни бекаму-кўст амалга оширишга қаратилганини англаш қийин бўлмади. Бу борада ҳар иккала томон вакиллари иштирокида ишчи гуруҳи тузилиб, улар зиммасига белгиланган муддат ичида “Паркент шароб”да инвентаризация ишларини тугатиш вазифаси юклатилди.

Кези келганда айтиш керакки, “Урганч шароб” ОАЖ акциядорлари яна бир хайрли ишни режалаштирганлар. Яъни, Урганч шаҳридаги улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари жараёнидан четда қолмаслик мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 20 июндаги йиғилиши қарорини амалда бажариш учун лойиҳа қиймати 3,6 млрд. сўмлик янги турар-жой қурилишини бошлаш арафасида туришибди.

Дарҳақиқат, қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди, деганларидек, бугун Хоразмдаги илғор корхоналардан бири бўлган “Урганч шароб” очиқ акциядорлик жамияти аъзолари ҳар соҳада намуна бўлишаётир. Корхона акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этган жамият Кузатув кенгаши раиси Адиба Аҳмеджонова яхши бир гап айтди:

- Ҳар қандай баландпарвоз сўзлардан ҳоли равишда бугунги кун муҳим воқеа сифатида корхона ҳаётида қолиши, шубҳасиз. Айни пайтда жамият зиммасига улкан вазифа юкланаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли. Ана шундай залворли юкнинг масъулиятини ҳис қилган ҳолда, яқин йиллар ичида “Урганч шароб” очиқ акциядорлик жамияти аъзолари ўз соҳасининг устаси бўлган мутахассис ходимлари билан биргаликда сафларини янада кенгайтириб, “Паркент шароб”нинг шаъни, довруғини “Урганч шароб” тимсолида қайта тиклайдилар, деган умиддамиз.

Дарвоқе, биз ҳам ушбу ниятга чин дилдан қўшилган ҳолди жамоа аъзоларининг баҳамжиҳатликда ташлайдиган қадамлари қутлуғ бўлишига ишонгимиз келади.


“Биржа” газетаси
15.11.2011 й.