Gerb Bayroq Madhiya Davlat mukofotlari Bosh sahifa Mobil versiya Sayt xaritasi Forum
Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!   Click to listen highlighted text! Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!
Матнни тинглаш!
  • xorazm.uz

    Юртбошимизнинг табири билан айтганда, Хоразм «Ўзбек давлатчилигининг илк тамал тоши қўйилган мукаддас замин!». Инсоният тамаддуни ўчоқларидан хисобланмиш бу кўхна юртдан не-не буюк алломалар, қомусчи олимлар, аҳли донишлар, авлиё-анбиёлар етишиб чиққан.

  • xorazm.uz

    Истиқлол туфайли юртимиздаги қадим шаҳарлар ва қалъалар, маданият ўчоқларини кўриш, зиёрат қилиш учун етти иқлимдан келаётган сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. Жаҳон бизнинг мўтабар юртимизни кўришга орзуманд!

  • xorazm.uz

    2017-2018 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури амалиётга аллақачон татбиқ қилинаётган улкан қурилишу таъмирлаш, энг замонавий асбоб-ускуналар келтириш, керакли мутахассисларни ўқитиш, ўргатиш жараёни жадал йўлга қўйилди.

  • xorazm.uz

    Халқимиз дастурхонининг файзиёблиги, бозорларимизнинг тўкинлигию озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблиги, арзонлиги, бир сўз билан айтганда юртимиз фаровонлиги бободеҳқонларимизнинг меҳнати маҳсулидир. Хоразм вохаси қишлоқ хўжалиги сохасида хам етакчилардан ҳисобланади.

Фотоалъбом

» Барча фотоалъбомлар

Видеотека

» Барча видео файллар

Тарих

Хоразм: Кеча ва бугун
Хоразм ўзининг қадим тарихи, бой маданиятига эга бўлган Ўзбекистондаги эътиборга молик ҳудудлардан биридир. Инсониятнинг илк ёзма ёдгорликларидан бири ҳисобланган зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” шу диёрда яратилган. Бундан уч минг йиллар илгари ҳам Хоразмнинг ўз ёзуви мавжуд эди. Батафсил...


Хоразм ҳақида битиклардаги илк ёзувлар. ДОРО I нинг Беҳсутун битиги
(ерамиздан аввалги 521-486 йиллар)

Ушбу битик Карманшоҳ яқинидаги денгиз сатҳидан 152 метр юқорироқда бўлган Беҳсутун қоясига ўйиб ёзилган. Битикнинг юқорисида улкан барелеф мавжуд. Унда тўққиз нафар шоҳ ва уруғларнинг бошлиқлари қўллари боғланган ва бўйинларига сиртмоқ солинган ҳолда Доронинг олдида тургани тасвирланган. Уларнинг ўнинчисининг устига шоҳ оёғини қўйиб турибди. Битик беш устун ва 414 сатрдан иборат. У уч тилда битилган (елам, бобил ва эски форс тилларида). Батафсил...



ХАЛҚИМИЗ ТУРМУШ ДАРАЖАСИНИ ЯНАДА ОШИРИШ – ФАОЛИЯТИМИЗ МЕЗОНИ
15.11.2016

ХАЛҚИМИЗ ТУРМУШ ДАРАЖАСИНИ ЯНАДА ОШИРИШ –

ФАОЛИЯТИМИЗ МЕЗОНИ

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Ҳатамжон Абдурахмонович Кетмоновнинг Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашувидаги нутқи.

Ассалому алайкум, ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Қадрли сайловчилар!

Бугун биз сизлар билан шу йилнинг 4 декабрp куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови олдидан учрашиб турибмиз.

Барчамизга маълумки, сайлов – халқнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқаришнинг олий ифодаси, давлат ҳокимияти органларини демократик тарзда ташкил этишнинг асоси бўлиб ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, айтишимиз мумкинки, мазкур сиё-сий жараёнда халқимиз Ўзбекистон танлаган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлига содиқлигини яна бир марта намоён этади.

Чунки, мустақиллик йилларида фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун жаҳонда умумэътироф этилган меъёрларга мувофиқ сайлов тизими шакллантирилди.

Шунингдек, замонавий ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш, бозор муносабатларига асосланган янги иқтисодиётни вужудга келтириш, барча ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари учун, деган шиордан келиб чиққан ҳолда, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш борасидаги оламшумул ишларни бугун таъкидлаб ўтишимиз ўринлидир.

Буларнинг барчаси, аввало, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлаш, бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг бош стратегик мақсади – тараққий топган давлатлар қаторига кириш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган эзгу мақсадларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда.

Энг муҳими, халқимиз ва келажак авлодимиз учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш борасидаги бундай кенг кўламли ислоҳотлар юртимизнинг барча ҳудудларида, жумладан Хоразм вилоятида ҳам тўла маънода ўз ифодасини топди.

Хоразмнинг бугунги тараққиёти ҳақида фикр юритишдан олдин, мозийга қайтиб, бу юртнинг бой ва қадимий тарихи, дунё цивилизациясида тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтиш ҳам қарз, ҳам фарз деб ўйлаймиз. Чунки, Хоразм – улкан иқтисодий ҳамда маънавий мавқега эга бўлган, фан, маданият, ижод, илм-зиё юксак равнақ топган, Ўзбек давлатчилигининг илк таъмал тоши қўйилган муқаддас замин.

Халқимиз маънавиятининг ноёб ёдгорлиги бўлган "Авесто” китоби Хоразм тупроғида яратилганлиги, Хоразм Буюк Ипак йўлининг марказий тармоқлари кесишган нуқталардан бири бўлганлиги, дунё тамаддуни учун аҳамиятли қатор оламшумул ва буюк кашфиётлар шу заминда амалга оширилганлиги ва бошқа кўплаб мисоллар бунинг исботидир.

Жумладан, ўрта асрларнинг илк даврида шарқдаги энг буюк илмий кашфиётлар ҳақида гапирганда аввало, замонавий математика, тригонометрия ва география фанлари тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий номи эътироф этилади.

Абу Райҳон Беруний ўзининг денгизлар назарияси ва Ернинг шарсимон глобусини яратиш ғояси, Колумб саё-ҳатидан 500 йил олдин Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлигини башорат қилгани, геодезия фанига асос солгани ва бошқа қатор илмий кашфиётлари орқали дунёга машҳурдир.

Хоразмнинг яна бир фарзанди, Замаҳшар қишлоғида дунёга келган, араб тили грамматикасининг асосчиси сифатида тан олинган буюк тилшунос, адабиётшунос, географ ва файласуф аллома – Маҳмуд Замаҳшарий тарихдаги биринчи кўп тилли луғат – арабча-форсча-туркий луғатнинг асосчиси бўлган. Олимлар: «Агар шу турк (яъни Замаҳшарий) бўлмаганида эди, араблар ўз тиллари наҳви (яъни грамматикаси)ни унутиб юборган бўларди», дея таъкидлашгани бежиз эмас.

Буларнинг барчаси Хоразм элининг бугунги тараққиёти ва улуғлигининг асосий омили ва мустаҳкам заминидир. Ана шундай тарихий мавқеига мос равишда Хоразм мустақиллик йилларида ҳақиқий маънодаги салоҳиятли ва бетакрор диёрга айланди. Айниқса, кейинги йилларда вилоятда мислсиз ўзгаришлар рўй берганлиги, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигини Урганч шаҳрига киришингиз билан ҳис қиласиз.

Жумладан, вилоятнинг рамзий дарвозаси бўлган халқаро аэропортида ниҳоятда кенг қамровли ишлар олиб борилганлиги бир қарашда кўзга ташланади. Фуқаролик авиацияси ассоциацияси томонидан ташкил қилинган нуфузли танловда "Урганч” халқаро аэропорти "2015 йилда МДҲ давлатлари орасидаги энг яхши аэропорт” ва "Сайёҳлик соҳасига қўшган катта ҳиссаси” йўналишлари ғолиби деб топилгани бежиз эмас.

Алабатта, бундай саъй-ҳаракатлар аввало, Хоразмда туризмни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Маълумотларга кўра, қадимий Xива шаҳрига ҳар йили ўз аҳолисидан 2 баробар кўпроқ сайёҳ келаркан. Бу ниҳоятда юқори натижадир.

Шунингдек, Урганч шаҳрининг қоқ марказидан оқиб ўтган Шовот канали ҳамда унинг фусункор ён-атрофи, янги бунёд қилинган "Ёшлик” шаҳарчаси ҳам катта-ю кичикнинг фахрига айланган.

Вилоятда иқтисодий ўсишнинг энг муҳим омили бўлган, саноатнинг барча турларини кенг ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Хоразмда "Дамас” ва "Орландо” автомобилларидан кейинги учинчи турдаги автомобилp «Шевроле Лабо» кичик юк машинаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлигини алоҳида ғурур билан таъкидлаш лозим.

Бу замин халқи азалдан фақат бугунги кунни эмас, балки узоқ келажакни кўзлаб иш тутади. Шу нуқтаи-назардан "Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси” ишлаб чиқилиб, унда вилоят халқ хўжалигининг барча тармоқларини 2030 йилгача бўлган даврдаги ривожлантириш стратегияси аниқ белгилаб олинганлиги таҳсинга сазовордир.

Ҳурматли дўстлар!

Аслида, бу юртнинг тарихини буюк қилган ҳам, бугунини обод қилаётган ҳам, келажагини порлоқ қиладиган ҳам, аввало унинг халқи, яъни хоразмликлардир. Жумладан, мамлакатимизда барча йўналишларда ислоҳотлар изчил давом эттирилаётган ҳозирги вақта қанча-қанча фидойи инсонлар турли соҳаларда меҳнат қилиб, ҳақиқий маънода қаҳрамонлик кўрсатмоқдалар.

Шу ўринда мустақиллик йилларида Ўзбекистон қаҳрамони юксак унвонига сазовор бўлган Машариф Қувақов, Бектурди Жуманиёзов, Гулиммат Ҳайитметов, Анора Маҳмудова, Пак Вера Борисовна, Эгамберди Каримовларнинг, шунингдек, Хоразм заминида туғилиб ўсиб, вояга етиб, бугунги кунда республика миқёсида фаолият юритаётган Ўзбекистон Қаҳрамонлари - "Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК раҳбари Очилбой Раматов, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори Равшанбек Курбановларнинг номларини фахр билан тилга олишни истардим.

Бу ердаги аҳолининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапирганда эса ниҳоятда меҳнатсеварлиги, ишнинг кўзини яхши билиши, тадбиркорлиги, илм-фанга ва янгиликларга интилувчанлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, бу замин халқи ўз она юрти тарихини, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини, айниқса санъатини ниҳоятда қадрлайди. Хоразм санъатининг дунёга машҳур бўлишининг асосий омили ҳам аввало мана шундадир десак, хато бўлмайди.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, буюк алломалар авлоди бўлган, бугунги кунда ҳам ўз салоҳиятини тўла намоён этиб келаётган, замон билан ҳамнафас яшаётган хоразмликларнинг табиийки, ўз она юрти тараққиётига нисбатан дахлдорлик туйғуси, сиёсий онги ва тафаккури ҳам ниҳоятда юксакдир.

Бу хусусиятлар олдимизда турган сайлов жараёнида вилоят халқининг юксак даражада сиёсий фаоллик кўрсатишларини таъминлайди, албатта!

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда демократик ислоҳотлар янада чуқурлашаётган, фуқаролик жамиятини ривожлантириш янги босқичга кўтарилаётган ўта масъулиятли даврда бўлиб ўтмоқда.

Партиямиз ушбу сайловда Ўзбекистон танлаган йўлни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўзининг стратегик мақсадларини амалга оширишни кўзлаб фаол иштирок этишни муҳим вазифа деб ҳисоблайди.

Жумладан, мазкур жараёнда илгари сураётган сайловолди дастуримиз ҳам партиянинг ғоялари ва дастурий мақсадларидан келиб чиқади.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг парламентдаги кўпчилик – демократик кучлар Блокига нисбатан ўзини мухолифат деб эълон қилгани, бунинг натижасида мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларига асосланади. Булар:

-мамлакатнинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосида ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатлами турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлаш;

-энг кам истеъмол харажатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш;

-аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тарифларининг давлат томонидан тартибга солинишини такомиллаштириш орқали коммунал хизматлар нархларини мақбуллаштириш;

-аҳоли бандлигини таъминлашнинг мутлақо янги ва замонавий усулларини жорий қилиш, иш ўринларини ташкил этиш дастурининг сўзсиз бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш;

-муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг асосий мезони уларни ҳаётга татбиқ қилиш орқали яратиладиган барқарор иш ўринлари сони билан ўрта махсус ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш масалаларидир.

Кўриниб турибдики, бизнинг энг асосий ғоямиз – аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Бу мақсадни самарали амалга ошириш учун қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти бу – уларнинг бандлигини таъминлашдир. Бунинг учун аввало, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур, деб биламиз.

Мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратишга энг муҳим масала сифатида қараймиз.

Ижтимоий ҳимоя борасида пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш билан боғлиқ масалаларни қамраб олувчи кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, ижтимоий ва коммунал хизматларнинг сифатлилигини ва аҳолининг қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари учун мақбуллигини таъминлаш тарафдоримиз.

Биз, бундай кенг кўламли, ижтимоий йўналтирилган вазифаларни самарали амалга ошириш ва уларга эришиш мақсадида бир қатор устувор йўналишларни белгилаб олганмиз. Рухсатларингиз билан, эътиборингизни уларнинг мазмун-моҳиятига қаратсам.

Биринчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини замонавий усулларни жорий қилиш орқали доимий равишда такомиллаштириб бориш зарур.

Бунинг учун энг аввало, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш давомида барқарор иш ўринларини яратиш кўрсаткичлари мазкур дастурларнинг муҳим мезонларидан бири бўлишига эришиш керак.

Айниқса, ишчи кучи четга чиқиб кетишининг олдини олиш, бунинг учун иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Давлат дастури ижросида янгича ёндашувларга ўтиш зарур. Бунда меҳнат бозоридаги талаб-таклифни тўлиқ ўрганиш, ҳисобга олиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тузишда жорий ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини тўғри ва аниқ белгилаш муҳим масаладир.

Шунингдек, муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган, биринчи навбатда заминимиздаги бой минерал хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни таъминловчи юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ушбу соҳаларга мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб этиш лозим.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўзини ўзи мустақил иш билан таъминлаши ҳамда якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида улар учун имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш, ўз бизнесини очишда уларни белгиланган йиғимлардан, фаолиятини тўлиқ йўлга қўйгунига қадар солиқлардан озод қилиш муддатини узайтириш масаласини таклиф этамиз.

Ёшлар бандлигини таъминлаш борасида истиқболли ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича инвестиция дастурларини ишлаб чиқишда уларнинг ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш дастурлари ҳамда ҳудудий бандлик дастурлари билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги "коллеж-корхона” алоқаларини йўлга қўйиш, муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурлар билан боғлиқ равишда замонавий касбга эга бўлган кадрлар тайёрлаш масаласи ҳал қилинишига эришиш керак.

Шу билан бирга, тегишли мутахассисларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, кадрлар тайёрлаш учун олий ўқув юртлари талабаларининг таълим шартномалари тўловларини тўлаётган корхоналар ва ташкилотларни рағбатлантириш амалиётини ҳамда олий ва ўрта махсус маълумотга эга мутахассислар тайёрлаш йўналишларини белгилашда корхона ва ташкилотларнинг кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, айни пайтда муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитига эга бўлган, қўшимча барқарор иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар яратиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида солиққа тортиш тизимини ҳам такомиллаштириш талаб этилади.

Сайловолди дастуримизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Бу масалани самарали ҳал этишнинг энг мақбул йўли кичик бизнес, уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, деб ҳисоблаймиз. Бу борада меҳнат қонунчилигида аёлларга берилган ҳуқуқ ва қўшимча имтиёзлардан уларнинг кенг фойдаланишларини таъминлаш ҳам диққат-марказимиздадир.

Бундан ташқари, бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш, уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш, турли имтиёзлар бериш орқали иш берувчи ва ходим ўртасидаги норасмий меҳнат муносабатларини қонунчилигимизда мустаҳкамлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузганлик учун тадбиркорларнинг масъулиятини ва жавобгарлигини ошириш ҳамда давлат томонидан қаттиқ назорат ўрнатиш зарур.

Дастуримиздан ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналарни ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, жумладан, ушбу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш, йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имкониятлари чекланган шахслар (ногиронлар)ни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш масалалари ҳам ўрин олган.

Иккинчидан, иқтисодий сиёсатдаги асосий устувор вазифаларимиз, бу – давлатимизнинг молиявий-иқтисодий қудратини оширишни кучли ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштириш орқали аҳоли, хусусан, унинг эҳтиёжманд қатламларининг турмуш даражасини янада яхшилашга йўналтиришдан иборатдир.

Бу борада партиямиз, аҳолининг харид қобилиятини ошириш ички талабнинг ортишига хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Бу эса иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва иқтисодиётнинг реал сектори ўсиш суръатларини изчил ошириб боришнинг мустаҳкам асосидир.

Биз иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда бюджет маблағлари, айниқса, ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағларнинг мақсадли равишда сарфланиши устидан қатъий назоратни кучайтириш, давлатнинг ўсиб бораётган иқтисодий имкониятларидан аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатламининг турмуш даражасини яхшилашда фойдаланиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш асосида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириш, таннархини пасайтириш ҳамда уларнинг экспорт имкониятларини кенгайтирувчи ва аҳолининг харид қобилиятини оширишга хизмат қилувчи рақобат муҳитини шакллантириш масалаларига эътиборни кучайтириш лозим.

Тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш орқали замонавий техника ва технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, турли маҳсулот етказувчиларга ўзаро эркин рақобатлашишига имкон берадиган очиқ ва ошкора электрон савдолар йўналишини кенгайтириш орқали давлат харидларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ниҳоятда муҳимдир.

Бундан ташқари, тижорат банкларининг инвестиция-вий лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштирокини янада кенгайтириш, хўжалик юритувчи субъектларни кредитлаш тизимини соддалаштириш, макроиқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, фоиз ставкаларини минимал даражада белгилаш, муаммоли қарзлар юзага келишига йўл қўймаслик ва банк хизматлари сифатини яхшилаш орқали уларнинг инвестициявий фаоллигини кучайтириш ҳам иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, истиқболли корхоналар ва ишлаб чиқариш комплексларининг ривожланиши учун бўш меҳнат ресурсларини жалб қилиш иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналарининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга истеъмол товарларини ишлаб чиқаришини иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш ва имтиёзли кредитлаш самарадорлигини ошириш, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш мақсадида қишлоқ жойларида ушбу йўналишдаги оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни рағбатлантиришни кучайтириш масалаларига эътибор қаратиш зарур бўлади.

Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ҳисобига ички бозорни тўлдириш, нарх-наво ошишининг олдини олишга қаратилган товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулиятини кучайтириш ҳам ниҳоятда долзарб масаладир.

Шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритаётган кичик корхоналарнинг йириклашишини рағбатлантирувчи солиқ сиёсатини юритиш, корхоналарнинг таснифига «ўрта корхона» тушунчасини киритиш лозим. Чунки қонунчилигимизда белгиланган кичик ва йирик корхоналар томонидан ундириладиган солиқлар тизимининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ва давлат бюджетини шакллантиришдаги иштироки бир-биридан жиддий фарқ қилади. Жумладан, йирик корхоналар томонидан ялпи ички маҳсулотнинг 44 фоизи ишлаб чиқилиб, улардан 89,8 фоиз солиқ ва тўловлар ундирилган бўлса, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,1 фоизни ташкил этиб, солиқ ва тўловлари 10,2 фоизни ташкил этмоқда. Кичик корхоналар томонидан ишчиларга тўланадиган иш ҳақлари ҳам йирик корхоналар тўлаётганидан 2 бараваргача пастдир. Ҳозирги солиқлар ва имтиёзлар тизими кичик корхоналарнинг йириклашишига халақит бермоқда.

Мазкур масалаларни тартибга солишда даставвал соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш, хусусан, кичик корхоналар йириклашиши жараёнида катта солиқ юкламасига тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида «ўрта корхона» тушунчасини киритиш, яъни йирик, ўрта ва кичик корхоналар мезонларини белгилаш; кичик корхоналарнинг йириклашиши ва янада ривожланишига хизмат қиладиган солиқ ва имтиёзлар тизимини ишлаб чиқиш лозим.

Мазкур таклифлар шак-шубҳасиз, кичик корхоналар йириклашишига, янги иш ўринлари яратишга, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсишига олиб келади, деб ҳисоблаймиз.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлаш, янги иш ўринлари яратишнинг муҳим омили бўлган қурилиш соҳасини модернизация қилишга етарли даражада эътибор берилмаяпти. Қурилиш ташкилотларининг кенг ривожланиши, бу соҳанинг замон талабига жавоб берадиган мутахассислар, техник воситалар билан таъминланиши талаб даражасида эмас.

Хорижий давлатларнинг қурилиш ташкилотлари бугунги кунда пудрат хизматлари экспорти билан жадал шуғулланиб, ўз давлатига валюта тушумини ошираётган бир пайтда, миллий қурилиш ташкилотлари бундай имкониятга эга эмас ва бундай талабларга жавоб ҳам бермайди.

Шунинг учун биз ўз сайловолди дастуримизда ушбу масалаларга алоҳида тўхталиб, қатор таклифларни илгари сурдик. Бизнингча, қурилиш ташкилотларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, янги технологияларни жорий қилиш, малакали мутахассисларни ёллашга имконият яратувчи шароитлар яратиш мақсадида солиқ юкини камайтириш; собиқ тузум давридан буён фойдаланиб келинаётган, эскирган қурилиш стандартлари, норма ва қоидалари ўрнига бутун дунёда амал қилиб келинаётган еврокодлар тизимига ўтиш лозим.

Қурилиш соҳаси ривожланиши истиқболларига мувофиқ етарли даражада малакали мутахассисларни тайёрлаш масаласига эътибор қаратиш, уларни хорижий давлатларга малака оширишга юбориш бу соҳадаги дастлабки вазифалардан бўлмоғи лозим. Мазкур ислоҳотлар, авваламбор, янги инновацион технологияларни ва материалларни қўллаш, қурилиш хизмати бозорларида мамлакатимиз мутахассисларининг рақобатбардошлигини таъминлаш билан бирга ўзбек компанияларининг хорижий қурилиш ва хизмат бозорларига чиқишларига шароит яратади.

Учинчидан, кам таъминланган оилалар, кексалар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини янада ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Бунда, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш, уларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда нафақалар ва моддий ёрдамни асосан, кам таъминланган оилалар, ижтимоий ёрдамга муҳтож кексалар ва болаларга йўналтириш ниҳоятда долзарбдир.

Шунингдек, маҳалланинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги ролини янада ошириш, ижтимоий аҳамиятга молик товарлар ва хизматлар нархини белгилаш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали нархлар ва тарифларнинг ўсиши инфляция даражасидан юқори бўлмаслигига эришиш зарур.

Тармоқ муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган коммунал хизматлар кўрсатишнинг камхарж автоном (локал) шаклларини ривожлантириш орқали аҳолига кўрсатиладиган хизматлар нархини мақбуллаштириш, табиий монополия субъектлари томонидан аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматлар (газ, электр ва иссиқлик таъминоти, канализация, маиший чиқиндилар ва ҳ.к.) нархлари ва тарифларини давлат томонидан тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш шулар жумласидан.

Шунингдек, кам таъминланган оилаларга ҳар ойда тўланадиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни, ўз бизнесини ташкил этиши учун мақсадли фойдаланиш шарти билан, тегишли даврда тўланадиган маблағлар суммасини бир марталик тўлов шаклига ўтказиш механизмини жорий этиш, уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш мақсадида давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмини турар-жой фондини шакллантиришга йўналтириш механизмини такомиллаштириш зарур.

Бундан ташқари, бу борада ўз бизнесини ташкил этишга интилувчи меҳнатга лаёқатли фуқароларга имтиёзли кредитлар ва фоизсиз ссудалар ажратиш амалиётини янада ривожлантириш ҳам яхши самара беради.

Кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлаш, мазкур устуворликка амал қилган ҳолда, етакчи ижтимоий соҳаларнинг тижоратлашувини чеклаш, жамият барча аъзоларининг ишончли ижтимоий кафолатлари таъминланиши масалаларида бизнес масъулиятини ошириш лозим.

Яна бир муҳим вазифа бугунги кунда партиямиз электоратининг асосий қатламини ташкил этувчи жисмоний имконияти чекланган, турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолган фуқароларимизнинг ижтимоий ҳаётга киришишлари учун барча шароитларни яратишдир.

Бугунги кунда ижтимоий объектларда, барча иншоотларда ногиронлар учун махсус кириш йўлаги – пандуслар бўлиши даркор. Янги қурилаётган объектларни лойиҳалаш ишлари, шунингдек қуриб битказилган объектларни фойдаланишга топшириш жараёнида Ногиронлар уюшмаси иштироки қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, мазкур нормалар амалиётда ишламаяпти. Аксарият биноларда ногиронлар учун пандуслар умуман йўқ, мавжуд бўлганларининг аксариятидан фойдаланиш имконсиз. Пиёдалар йўлакчалари ҳам ногиронлар учун мосланмаган.

Мазкур масалаларни ҳал этиш мақсадида қатор чораларни амалга ошириш, хусусан, мавжуд барча бино ва иншоотларни, айниқса давлат идораларини ногиронлар кира олишлари нуқтаи назаридан хатловдан ўтказиш ва йўлакчаларни ногиронларга мослаш бўйича махсус давлат дастурини қабул қилиш лозим.

Мамлакатимизда автотранспорт воситаларининг кўпайиб бораётганлиги натижасида йўллар, катта шаҳарларнинг кўчалари тирбанд бўлиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ушбу муаммони ҳал қилишнинг энг мақбул йўли пиёдалар йўлакларини капитал таъмирлаш; экологик тоза, соғлом турмуш тарзига замин яратувчи велойўлакларни қуриш ва тегишли инфратузилмани яратишдан иборат, деб ҳисоблаймиз.

Тўртинчидан, аҳолига юқори сифатли таълим олиш ва мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масаласи ҳам доимо диққат марказимиздадир.

Шундан келиб чиққан ҳолда таълим соҳасида, аввало, жамиятнинг барча қатламларига эркин ва тенг таълим олиш имкониятларини яратиш мақсадида, минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, мактабгача, ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш амалиётини янада ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга, бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, коллежлар ва академик лицейларни ўқув адабиётлари билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш, корхона ва ташкилотларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, техник ва технологик мутахассисликлар бўйича олий ўқув юртларига мақсадли қабул қилиш масаласини рағбатлантириш муҳим масаладир.

Ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган ин-клюзив таълим тизимини янада ривожлантириш ва соҳа ўқитувчиларига имтиёзлар бериш, жисмоний имкониятлари чекланган (ногирон) талабаларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш, педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлгани боис вақтинча ишламайдиган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этишнинг қонуний асосларини яратиш бугунги куннинг талабидир.

Соғлиқни сақлаш соҳасида эса аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратамиз.

Бу йўналишда, шунингдек, имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти ҳамда дори-дармон воситалари нархлари устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, дори воситалари рекламасини чеклаш масалаларини таклиф этмоқдамиз.

Шу билан бирга, асосий дори воситалари рўйхатидаги дори воситаларининг давлат тиббиёт муассасаларида мавжуд бўлиши ва айрим тоифадаги шахсларга дори воситаларининг имтиёзли берилишини таъминлаш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ниҳоятда муҳим масаладир.

Бешинчидан, биз учун демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш асосий вазифа ҳисобланади.

Шу мақсадда, аввало, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари, давлат бошқаруви органлари фаолияти натижаларини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини таъминлаш амалиётини изчил ривожлантириш зарур.

Шунингдек, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд механизмлари оммабоплигини кенгайтириш ва мазкур масалаларда суд назоратини кучайтириш ҳисобига суд қарорлари ижроси сифатини ошириш, судларда ишларни кўриб чиқиш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш, фуқароларнинг судга мурожаат қилиши ва суд ҳужжатларини олишининг электрон тизимини жорий қилиш лозим.

Демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришда ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқишда қонун нормаларининг бевосита таъсир этишига эришиш муҳим ҳисобланади.

Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги, шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчилик ўртасида катта қизиқишга сабаб бўладиган масалалар бўйича қарорларни қабул қилишдан аввал ушбу масалалар юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказишнинг мажбурийлигини белгилаш, жойлардаги доимий электорат манфаатларига алоқадор бўлган долзарб иқтисодий ва ижтимоий вазифаларнинг ҳал этилишига таъсир кўрсатиш масалаларида сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик бирлашмалари ҳуқуқ ва ваколатларини янада ошириш таклиф этилади.

Аҳолига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида Ягона интерфаол давлат хизматлари порталидан эркин фойдаланишни тақдим этувчи пунктлар тармоғини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўриш ҳам бугунги замон талабидир.

Олтинчидан, ташқи сиёсат масалаларида қўшни мамлакатларга нисбатан очиқ ва прагматик сиёсат юритиш, улар билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ва фойдали ҳамкорликни ривожлантириш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ташаббусларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш ниҳоятда муҳим.

Ташқи сиёсий фаолиятнинг яна бир муҳим вазифаси Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш вазифаларини ҳал этишдаги фаол ва ташаббускор иштирокидир. Ушбу мақсадларда Марказий Осиё мамлакатлари, дунёнинг бошқа давлатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар билан терроризм, экстремизм, наркотрафик, одам савдоси ва бошқа таҳдидларга қарши кураш масалалари бўйича ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Кўриб турганингиздек, Дастурда мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган энг муҳим масалалар қамраб олинган.

Уларнинг рўёбга чиқарилиши, албатта, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилади. Шу билан бирга, булар Хоразм вилоятида ҳам барча йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишда, шунингдек, қатор ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади.

Сўзимни якунлар эканман, олдимизда турган шундай масъулиятли вазифаларни амалга оширишда сизларга мустаҳкам соғлик, куч-ғайрат тилайман.

Сайловда барчангизнинг фаол иштирок этишингизга ишонамиз!

Эътиборларингиз учун раҳмат!

"Хоразм ҳақиқати” газетаси,

2016 йил 12 ноябрь №92.