Gerb Bayroq Madhiya Davlat mukofotlari Bosh sahifa Mobil versiya Sayt xaritasi Forum
Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!   Click to listen highlighted text! Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!
Матнни тинглаш!
  • xorazm.uz

    Юртбошимизнинг табири билан айтганда, Хоразм «Ўзбек давлатчилигининг илк тамал тоши қўйилган мукаддас замин!». Инсоният тамаддуни ўчоқларидан хисобланмиш бу кўхна юртдан не-не буюк алломалар, қомусчи олимлар, аҳли донишлар, авлиё-анбиёлар етишиб чиққан.

  • xorazm.uz

    Истиқлол туфайли юртимиздаги қадим шаҳарлар ва қалъалар, маданият ўчоқларини кўриш, зиёрат қилиш учун етти иқлимдан келаётган сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. Жаҳон бизнинг мўтабар юртимизни кўришга орзуманд!

  • xorazm.uz

    2017-2018 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури амалиётга аллақачон татбиқ қилинаётган улкан қурилишу таъмирлаш, энг замонавий асбоб-ускуналар келтириш, керакли мутахассисларни ўқитиш, ўргатиш жараёни жадал йўлга қўйилди.

  • xorazm.uz

    Халқимиз дастурхонининг файзиёблиги, бозорларимизнинг тўкинлигию озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблиги, арзонлиги, бир сўз билан айтганда юртимиз фаровонлиги бободеҳқонларимизнинг меҳнати маҳсулидир. Хоразм вохаси қишлоқ хўжалиги сохасида хам етакчилардан ҳисобланади.

Фотоалъбом

» Барча фотоалъбомлар

Видеотека

» Барча видео файллар

Тарих

Хоразм: Кеча ва бугун
Хоразм ўзининг қадим тарихи, бой маданиятига эга бўлган Ўзбекистондаги эътиборга молик ҳудудлардан биридир. Инсониятнинг илк ёзма ёдгорликларидан бири ҳисобланган зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” шу диёрда яратилган. Бундан уч минг йиллар илгари ҳам Хоразмнинг ўз ёзуви мавжуд эди. Батафсил...


Хоразм ҳақида битиклардаги илк ёзувлар. ДОРО I нинг Беҳсутун битиги
(ерамиздан аввалги 521-486 йиллар)

Ушбу битик Карманшоҳ яқинидаги денгиз сатҳидан 152 метр юқорироқда бўлган Беҳсутун қоясига ўйиб ёзилган. Битикнинг юқорисида улкан барелеф мавжуд. Унда тўққиз нафар шоҳ ва уруғларнинг бошлиқлари қўллари боғланган ва бўйинларига сиртмоқ солинган ҳолда Доронинг олдида тургани тасвирланган. Уларнинг ўнинчисининг устига шоҳ оёғини қўйиб турибди. Битик беш устун ва 414 сатрдан иборат. У уч тилда битилган (елам, бобил ва эски форс тилларида). Батафсил...



Хивада “Гурвак - Хоразм қовунчилиги рамзи” деб номланган анъанавий қовун сайли бўлиб ўтди
13.08.2015

Хоразм диёри азалдан энг сара, ранг-баранг қовунлар масканидир. Унинг серқуёш иқлими, турли микро ва макро элементларга бой заминида азалдан тилими тилни ёрар, ширин-шакар қовунлар етиштириб келинади.
Воҳада яшовчи ҳар бир зироаткорнинг қурби етганича қовун етиштириши, қўни-қўшни, дуст-ёронларини қовун ейишга таклиф этиши халқимизга хос ажойиб фазилатлардан. “Қовун чертагимизга келинг!”, “Қовун еб кетинг!”, “Қовун олиб кетинг!”. Бундай таклиф-тавозелар, мурувват кўрсатишлар ота-боболаримиздан бизгача етиб келган қадимий қадриятларимиздандир.


Қовун азалдан халқимиз севиб истеъмол қиладиган тотли, шифобахш маҳсулот. Унинг таркибида киши организми учун зарур булган A, Bl, В2, С, Р витаминлари, калий, магний, фосфор ва темир тузлари мавжуд.
Шy боис аждодларимиз ундан турли касалликларни даволашда мохирлик билан фойдаланиб келишган.
Кундалик турмушимизда хонадонларда овқатдан кейин дастурхонга қовун кесиб келтирилиши, мағзидан қовун қоқи, мураббосини тайёрлаш каби урфларимиз илдизлари ҳам олис мозийга бориб тақалади. Хатто қирчиллама қиш пайтларида ҳам деҳқон бозорларида тиликлаб қовун сотиш, хавонинг совуқлигига қарамай қовун ейиш одатлари Хоразмда азалдан давом этиб келмоқда.
Қовун  қадимдан беда уруғи, ўрик қоқи қатори маҳсулотлар қаторида узоқ ўлкаларга чиқарилган. Шу сабаб  воҳа қовунларининг довруғи мамлакатимиздан ташқарида ҳам маълум ва машҳур. У ранг-баранглиги, ширадорлиги, шифобахшлиги билан харидорларнинг эътиборини ўзига жалб этиб келган. Ўрта аср араб манбаларида Хоразм қовунлари ҳақида келтирилган маълумотлар юқоридаги фикрларимизни яна бир карра тасдиқлайди.


Давлатимиз раҳбарининг “2013-2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш, саҳоватли заминимизда пишиб етилган ширин-шакар ковунларни туристик бренд сифатида Хивада  “Гурвак - Хоразм қовунчилиги рамзи” деб номланган анъанавий қовун сайли ўтказиш йўлга қўйилди. Мақсад серқуёш заминимизда битган ушбу танчиқ маҳсулотни   хорижлик сайёҳларга кенг тарғиб этиш, унинг қадимий навларини қайта тиклаш ва сақлаб қолиш, турларини кўпайтириш, воҳа полизкорларининг қовунчиликни ривож¬лантириш борасидаги тажрибаларини кенг оммалаштириш, тармоқда илғор технологияларни татбиқ қилиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш.
8 август куни  Ичон қалъада “Гурвак-Хоразм қовунчилиги рамзи” шиори остида тадбир ташкил этилди.
Вилоят хокимлиги, “Ўзбектуризм” миллий компанияси Хоразм минтақавий бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда хорижий меҳмонлар ҳам иштирок қилдилар.
Вилоят хокими П.Бобожонов Қовун сайли қатнашчилари, барча меҳмонларни тантана муносабати билан қизғин қутлади.
Тадбир қатнашчилари, шу жумладан хорижлик меҳмонлар дастурхонларга таклиф этилди. Улар ширин-шакар қовунлардан истеъмол қилар эканлар, юртимиз шаъни, зироаткорлар меҳнати самараларига тасаннолар айтишди.


Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан танишув, тажрибали полизкорлар билан мулоқотлар бошланади. Айниқса, Шовот тумани Шовотқалъа қишлоғидаги Руслан Бекжонов бошлиқ “Асал, Лобар” фермер хўжалиги жамоасининг полизчиликдаги иш тажрибаси қатнашчилар эътиборини жалб этди.
Хусусан, Урганч тумани соҳибкорлари ташкил этган кўргазма тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. Туман полизкорларининг қовун етиштиришни кўпайтириш, унинг йўқолиш даражасига бориб қолган навларини қайта тиклаш, тармоқнинг экспорт салохиятини ошириш билан бирга уни сифатли сақлаш, қайта ишлаш масалаларига жиддий эътибор қаратаётганликлари кўргазмада ҳам ўзининг кенг аксини топган. Урганчликлар қовун мағзидан қовун қоқи, қовун мураббоси, уруғидан тухум барак каби 32 тур ноз-неъмат тайёрлаб, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш борасида қовун-тарвуз маҳсулотлари алоҳида ўрин тутишини ўз амалий фаолиятида исботладилар.
Ўзбекистан сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг Гурлан туманидаги вилоят таянч пунктида қовунларнинг қадимий навларини қайта тиклаш билан бирга унинг турли касалликларга чидамли янги навларини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, таянч пункта далаларида унинг “Гурвак”, “Бешак”, “Сурхон бешаги”, “Суюнчи”, “Ширинпечак” “Қариқиз” “Оқноввот” “Жийда япроқ”, “Нонигўшт”, “Сариқ гулоби”, “Гулоби Хоразмий”, “Ширинпўчоқ” кабилар билан бирга “Саховат”, “Амударё”, “Заргулоби” каби касалликларга чидамли навлари ҳам экиб кўпайтириляпти. Хозирда таянч пункти полизларида қовуннинг жами 35 тури етиштирилмоқда.
Янгибозор тумани Чўболончи қишлоғидаги Одилбек Раҳимбоев бошлиқ “Раҳимбой Қўчқоров” фермер хўжалиги полизкорлари қовунчилигимиз рамзи бўлган, шираси тални ёрар “Гурвак”ни етиштиришга алоҳида эътибор қаратишяпти. Хўжалик далаларида унинг ўндан зиёд тури етиштирилмоқда. Шу боис жамоа танловнинг “Энг яхши “Гурвак” етиштарувчи” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.
Шунингдек, тадбирда қовунчиликни ривожлантириш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари, тармоқда илғор технологияларни жорий этиш, унинг йўқолиб бораётган навларини қайта тиклаш, экспорт салоҳиятини ошириш, ширин қовун етиштириш номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Улар тегишли диплом ва кимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Умумий якунларга кўра Урганч тумани полизкорлари биринчи, Хазорасп тумани полизкорлари иккинчи, Хонқа тумани полизкорлари учинчи ўринга муносиб, деб топилди ва улар тегишли даражадаги дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Шунингдек, Хоразм қовунчилигининг довруғини ошириш масалаларини тарғиб қилиш борасидаги самарали фаолияти учун оммавий ахборот воситалари ходимларининг бир гуруҳи ҳам тақдирландилар.
Кадим шаҳарда бўлиб ўтган “Қовун сайли” унинг иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди. Улар дил сўзларини мамнуният билан изхор қилишди:
Санъат ДЕВОНОВ, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти:  Хивадаги бу ажойиб тадбирни томоша қилиб, кузатиб ўзим бош ролни ижро этган “Мафтунингман” фильмининг суратга олиш жараёнларини эсладим. Ҳа мен Хиванинг Эски Қиёт қишлоғидан мана шундай ноз-неъматлар яратишга ҳисса қўшган Шариф Жуманиёзов образи билан элга танилдим. Шунинг учун ҳам тилими тилни ёрадиган, асалга менгзайдиган қовунларни етиштирган ва уни мана шундай синовдан ўтказаётган элимизнинг мард, фидойи деҳқонларига офаринлар айтгим келади. Биз санъат аҳли уларнинг мардонавор меҳнатини қанчалик мадҳ этсак оз.
Отаназар ПИРНАЗАРОВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими,”Нуроний” жамғармаси Хива туман бўлими раиси:- Истиқлол байрами олдидан ўтказилган бу тадбир ҳамманинг дилини хушнуд қилди. Деҳдонларимиз меҳнати улуғланди. Заминимизда етиштирилган ноз-неъматлар дунё сайёҳларини ҳайратга солди. Мен хакамлар ҳайъати аъзолари билан сайилга олиб келинган қовунлар турларини санадим: “Гурвак” нинг олти хили, “Ширинпечак”, “Олахомма”, “Гулоби”, “Бешак”, “Тўрноввот”, “Нонигўшт”, “Шакарпора”, “Қариқиз”, “Хитойи”... Бундай қовунларни турларини кўпайтириш борасида олимларнинг иштирок этишлари ҳам жуда яхши бўлди. Юртимизда мана шундай тўкин-сочинлик, фаровонлик бўлаверсин!
Беналес ЭРВИН, австриялик сайёҳ: - Ташрифимиз мана шундай ажойиб тантанага тўғри келганлигидан хурсандмиз. Ўзбекистон қовунлари ҳақида эшитар эдигу, тўғриси уларни тотиб кўрмаган эдик. Бундай ширинлик, лаззат фақат Хоразм қовунларида бор. Мен ноширман. Юртимга боргач, бу сайил хақида матбуотда. китобларда, буклетларда ёритишни кўнглимга тугиб қўйдим.
Даниел ЧАН, хитойлик меҳмон:- “Ўзбекистон жаннатмакон юрт” деганларини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Қовунлар билан бoғлиқ тантана фикримнинг гувохи. Ҳар бири мўъжизага тенг ширин қовунларни етиштирганларга минг раҳмат!
Фридрих ЙИМ, франциялик сайёҳ: - Мен умр йўлдошим билан Хивага саёҳатга келган эдим. Яқинда турмуш қурганмиз. Бугунги тадбир бизнинг оиламиз ҳаётида умрбод унутилмас воқеа бўлиб муҳрланиб қолади. Бу қадар тўкин-сочинлик, меҳмондустликни кўриб чин дилдан ҳайратландик. Бутун Ўзбекистон турмуши фаровонлигини , буюк келажагини мана шу тантана тимсолида кўриб турибмиз. Бу тадбир биз эшитганимиз Хивани чиндан ҳам эртаклар шаҳрига айлантирди, десак муболаға бўлмайди. Бир томонда куй-қўшиқлар янграяпти, раққосалар хироми, бир томонда осмони фалакда нозик сим устида дорбозларнинг томошалари... Юртингизга ҳавас қилса арзийди. Ташрифимиз таассуротларини дўстларимизга айтиб берамиз. Бу гўзал гўшага яна келишни ният қилдик.
Зумрад ИСКАНДАРОВА, “Ичонқальа” Давлат музей-қўриқхонаси “Хоразм табиати” бўлими мудири:- Сайил иштирокчиларига жамоамиз бугун сидқидилдан хизмат қилди. Иштирокчилар бизнинг табиат музейимизда ҳам бўлиб, Хоразмда етиштириладиган ноз-неъматлар, хусусан, полиз маҳсулотлари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлдилар. Уларга Хоразм қовунлари ҳақида буклетлар тақдим этилди.
“Қовун сайли” Хивага оқшом оралаган пайтда ҳам давом этди. Ранг-баранг чироқлар оғушида қадим шаҳар ўзгача манзара касб этди. “Қовун сайли” бу гўзалликка узукка қош қўйгандай ярашди. Айниқса хорижлик сайёҳлар бундай ажойиб тадбир иштирокчилари бўлганлигидан бениҳоя мамнун бўлдилар.Бу эса Президентимизнинг Хоразмда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисидаги Қарорининг амалдаги ижроси, ифодаси бўлганлигидан далолатдир.

Оллаберган РАЖАБОВ, Абдулла САФОЕВ, 
“Хоразм ҳақиқати”нинг махсус мухбирлари.
“Хоразм ҳақиқати” 2015 йил 12 август №64 (19202)