Gerb Bayroq Madhiya Davlat mukofotlari Bosh sahifa Mobil versiya Sayt xaritasi Forum
Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!   Click to listen highlighted text! Хоразм вилоят хокимлиги расмий веб сайтига хуш келибсиз!
Матнни тинглаш!
  • xorazm.uz

    Юртбошимизнинг табири билан айтганда, Хоразм «Ўзбек давлатчилигининг илк тамал тоши қўйилган мукаддас замин!». Инсоният тамаддуни ўчоқларидан хисобланмиш бу кўхна юртдан не-не буюк алломалар, қомусчи олимлар, аҳли донишлар, авлиё-анбиёлар етишиб чиққан.

  • xorazm.uz

    Истиқлол туфайли юртимиздаги қадим шаҳарлар ва қалъалар, маданият ўчоқларини кўриш, зиёрат қилиш учун етти иқлимдан келаётган сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. Жаҳон бизнинг мўтабар юртимизни кўришга орзуманд!

  • xorazm.uz

    2017-2018 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури амалиётга аллақачон татбиқ қилинаётган улкан қурилишу таъмирлаш, энг замонавий асбоб-ускуналар келтириш, керакли мутахассисларни ўқитиш, ўргатиш жараёни жадал йўлга қўйилди.

  • xorazm.uz

    Халқимиз дастурхонининг файзиёблиги, бозорларимизнинг тўкинлигию озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблиги, арзонлиги, бир сўз билан айтганда юртимиз фаровонлиги бободеҳқонларимизнинг меҳнати маҳсулидир. Хоразм вохаси қишлоқ хўжалиги сохасида хам етакчилардан ҳисобланади.

Фотоалъбом

» Барча фотоалъбомлар

Видеотека

» Барча видео файллар

Тарих

Хоразм: Кеча ва бугун
Хоразм ўзининг қадим тарихи, бой маданиятига эга бўлган Ўзбекистондаги эътиборга молик ҳудудлардан биридир. Инсониятнинг илк ёзма ёдгорликларидан бири ҳисобланган зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” шу диёрда яратилган. Бундан уч минг йиллар илгари ҳам Хоразмнинг ўз ёзуви мавжуд эди. Батафсил...


Хоразм ҳақида битиклардаги илк ёзувлар. ДОРО I нинг Беҳсутун битиги
(ерамиздан аввалги 521-486 йиллар)

Ушбу битик Карманшоҳ яқинидаги денгиз сатҳидан 152 метр юқорироқда бўлган Беҳсутун қоясига ўйиб ёзилган. Битикнинг юқорисида улкан барелеф мавжуд. Унда тўққиз нафар шоҳ ва уруғларнинг бошлиқлари қўллари боғланган ва бўйинларига сиртмоқ солинган ҳолда Доронинг олдида тургани тасвирланган. Уларнинг ўнинчисининг устига шоҳ оёғини қўйиб турибди. Битик беш устун ва 414 сатрдан иборат. У уч тилда битилган (елам, бобил ва эски форс тилларида). Батафсил...



ЁНИМИЗДАН ОҚҚАН ДАРЁ
21.02.2018

Ифтиҳор туйғулари

Ўзбек шеъриятининг Ғафур Ғулом, Ойбек, Хамид Олимжон, Усмон Носир, Миртемир, Зулфия, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон,Усмон Азим, Хуршид Даврон, Муҳаммад Юсуф каби сўз заргарлари ижоди ҳалқимиз томонидан доимо чуқур эътироф этиб келинмоқда. Ана ўша сафда элдошимиз, устозимиз, қадрдон оғамиз Матназар Абдулҳакимнинг борлиги биз, қаламкашларни бехад шодлантиради.

Атоқли шоир Абдулла Орипов Матназар акани жахонда машҳур аллома Абу Райхон Берунийга қиёслаган эди.

Шундай даҳо шоир эътирофи эҳтимол миллий адабиётимиз саҳнасида ягонадир? Эслаганимизда беихтиёр қувонамиз, фахрланамиз.

1980 йилда "Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятида журналистика амалиётини ўтаб юрган кунларимда Матназар Абдулҳакимни илк бора кўрганман. У таниқли адиб, устоз Неъматжон Солаев (Оллоҳ охиратини обод қилган бўлсин) раҳбарлик қилаётган, мен амалиёт ўтаётган маданият ва турмуш бўлимига тез-тез келиб турарди. Шу даврларда тортинчоқлигим боис Матназар оғага ўзимни танитмаганман.

Орадан тўрт йил ўтгач, Шовот тумани газетасида ишлаб юрган кезларимда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига бориб, устоз билан танишдим ва ўша танишув ҳаётимда бурилиш ясади. Устоз тавсиясига кўра, "Товушсиз қадам” номли китобим Тошкентдаги нашриётга жўнатилди. Китоб чиққач, устознинг ўзи "Ҳайрат” сарлавҳали мақола ёзиб, Шовот тумани газетасида эълон қилдирди. Ўша сарғайган газетани то ҳануз архивимда асраб қўйибман. Ҳар гал газетага кўз ташлаганимда руҳланаман. Умуман олганда, "Теракка яқин юлдуз”, "Звезда над тополями”, "Икки нур”, "Давсаман” шеърий тўпламларимни дунёга келишида устознинг хизматлари беқиёс. Жуманазар Юсупов, Юсуф Латиф, Шуҳрат Маткарим, Болтабой Бекматов, Гавҳар Ибодуллаева, Исмоил Оллаберганов, Отабек Исмоилов, Маҳмуд Ражаб каби вилоятимизда яшаб, Тошкент адабий доирасида танилган шоиру-насрнавислар ижоди бевосита Матназар Абдулҳаким мураббийлигида рўёбга чиққанини хотирамдан ўтказиб, ўз-ўзимга шундай саволни бераманки, агарда устоз Тошкентда яшаганида Хоразм адабий ҳаракатчилигининг ҳоли не кечган бўлур эди?

Яхши шоирлар аввал ҳам кўп бўлган, хозир ҳам кўп. Аммо, халқ орасида машҳур бўлишлик барчага ҳам насиб этавермайдиган бахт. Буюк шоир мақомига кўтарилиш осон эмас. Устоз Матназар Абдулҳаким ҳазратларимиз Мунис ва Огаҳий каби ўзи туғилиб ўсган заминда яшаб, мамлакат ва халқаро миқёсда довруғ таратган шоир, таржимон, олимдир. У аруз, бармоқ, сарбаст вазнларида бирдек кашфиётлар ярата олгани боис ўз ибораси билан айтганда "гигант шоирлар” сафига кира олган.

Камина миллий шеъриятимиз бўстонида бу қадар серқирра, бетакрор, ғаройиб шоирни кўрмаганман, десам шогирдлик эҳтиромига йўймагайсиз. Ҳақиқатан ҳам шундай. Негаки, Матназар Абдулҳаким шеърияти хеч бир шоир шеъриятига ўхшамайди. Ўхшамаслик баробарида бу муборак ижодда турфа хил усулларга дуч келасиз.

Устоз шеърият ҳақида сўзлаганида "Янгилик яратиш керак” жумлаларини оҳиста, жиддий айтар эдилар. Унинг фикрича, энг муҳими - янгилик. "Бошқаларнинг ҳаёлига келмайдиган янгилик яратсанг, бир кунмас бир кун ижодинг ўз ўқувчиларини топади” дердилар ва суҳбатни хазил-мутойиба тараф буриб юборар эдилар: "Бахром, сенинг шеърларингни мен тушунаман, энди ўзинг ҳам тушунмайдиган шеърлар ёз!”.

Шундан кейин модернизм услубида шеърлар ижод қилганим ва бу йўналишда халқаро миқёсда танилганим ҳам устоз Матназар Абдулҳаким шарофатидандир.

Устозимиз нафақат ўзбек тилидаги, балки рус, форс тилларидаги дурдона асарларни мунтазам равишда мутолаа қилганидан биз, шогирдлари воқифмиз. Ана ўша мутолаа таъсирида ул зот бебаҳо асарлар яратган. Шайх Нажмиддин Қубро, Паҳлавон Маҳ­муд, Мирзо Абдулқодир Бедил асарларини форсийдан ўзбек тилига маҳорат ила ўгирганини ўзи тарихий ҳодисадир.

Хазрати Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини шу қадар нафис шаклда ўгирганки, мутолаа жараёнида беихтиёр хайратланиб кетасан одам:

Чехрангни ҳусн мулкида гул-гул қилдинг,

Сайратдингу бизни, маст булбул қилдинг.

Сочингни тугун -тугунқилиб, эй дилдор,

Сен парчаладинг, юракни чил-чил қилдинг.

Шак-шубҳа йўқки, маҳобатли ижод заминида инсониятни гўзалликни хис этишга йўналтирилган даъват пинхон.

"Дунёнинг ишлари” сарлавхали шеъри оркали муаллиф инсонларни тирикчилик учунмас, балки тириклик учун курашга чорлаган. Тириклик эса гўзал­ликни, нафосатни рухан шарафламоқ демак:

Анор гуллаганди чўғдек қип - қизил,

Бахш этиб дилларга сўнмас бир фараҳ...

Афтидан, шу гул деб аллақайдадир

Бир булбул тинимсиз қиларди чаҳ-чаҳ.

 

Чирқилларди чўчиб, келолмай яқин,

Кўҳна ишқ достонин қайта тўқирди.

Аммо... қўрқмай - нетмай бир сурбет чумчуқ,

У гулни бемалол чўқирди.

Муаллиф талқинича, Чумчуқ - жохил одам образи. Булбул эса юраги гўзаллик шавқида дукиллаб уриб турадиган Хазрати одам. Чумчуқ сайроғини ва Бул­бул хонишларини хаёлан таққослаб, дунёнинг ишла­ри нақадар мураккаблик касб этганини чуқур англайсиз. Зотан, фано олами - синов оламидир.

Асл хаёт юракда кечади, дейдилар устоз. Каранг, кандай оддий, аммо маъноси чукур фалсафа. "Мен яратган дунё” сарлавхали шеърида айнан ўша фалсафа образларда ифода этилган:

Ерда тирикчилик,

Юракда ҳаёт

Кечирар инсонлар...

Мен шуни туйдим.

Агарда менга Матназар Абдулҳаким шахсиятини белгиловчи энг асосий фазилат нимада эди, деб сўрасалар, жавоб берардимки, устоз ижодкорларни эзгу мақсад йўлида бирлаштира олиш салоҳияти туфайли мураббийга эврилди - бу унинг ноёб қирраси. Тур­фа феъл-атворга, турфа ҳил дунёқарашга, турфа ҳил савияга эга қаламкашларни бирлаштириш амали хамирдан қил суғургандай осон кечмаганлиги аниқ.

Устоз бир китобини "Ёнимдаги дарёлар” деб номлаган. Аслида унинг ўзи дарё. Гоҳ сокин, гоҳ сал тўлқинланиб, гоҳ мавжларини шамоллар ила туташтириб оқадиган дарё! Ёнимиздан оққан дарёнинг шифобахш сувларидан келажак авлод вакиллари ҳам чанқоғини қондиришига ишончимиз комил. Зотан, ўзлари башорат қилганидай:

Тоғдек тоқатлардан мумиёдек сирқиб,

Дўстларга аталган дил розларимиз.

Қанотимиз пўлат Ҳеч бўлмас қирқиб,

Жаранглаб туради парвозларимиз.

Шоир таваллуди куни муносабати билан ўтказилаётган давраларда Матназар устоз шеърлари баралла янграмоқда.

Баҳром РЎЗИМУҲАММАД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.